Линклар

Ўзбекистонда жорий йилда сув тақчиллиги аввалги йилларга қараганда анча сезиларли бўлиб, бу мамлакат қишлоқ хўжалигида анча қийинчиликлар туғдирмоқда.

Қорақалпоғистонда ёзнинг энг жазирама палласи - чилла кириши билан сув тақчиллигига боғлиқ одатий муаммолар юзага чиқади, ғўзанинг асосий “рақобатчиси” бўлган шоли учун сув талаб қилинади.

“Амударёнинг суви бу йил ёзда ўтган йилги ҳажмининг учдан бирига камайиб кетишини гидрометеорологлар ўтган қишдаёқ башорат қилган эди. Агар ўтган йилнинг март ойи бошларида Туямўйин сув омборига 6 миллиард куб метр сув йиғилган бўлса, унинг жорий йилдаги миқдори 4,5 миллиарддан ошгани йўқ”, - деб ëзади “Uznews.net” сайти.

Қорақалпоғистонлик Соли Абдураҳмонов эса бу йил сув аввалги йиллардагидан кўра анча кўплигини, лекин бу ҳам экин майдонларини суғориш учун камлик қилаётганини билдирди.

“Шунинг учун ҳозир сувдан рационал фойдаланиш керак. Қорақалпоғистонда фермер хўжаликлари ташкил этилганидан кейин кўпчилик кузатувчилар сув муаммоси енгиллашади, деб умид қилган эдик. Лекин аслида янглишган эканмиз. Чунки сувдан фойдаланишда далаларнинг рационаллигини таъминлашимиз керак. Бу борада деярли ҳеч қандай иш олиб борилмаяпти. Собиқ шўро даврида қишлоқ хўжалигида техника ҳозиргига қараганда кўп эди ва колхозлар баҳоли қудрат ишлар ва бу, ўз навбатида, сувни кам сарфлашга олиб келар эди”, - деди С.Абдураҳмонов.

У айтмоқчи бўлгани эса, агар Марказий Осиёда собиқ иттифоқ пайтидагидек ягона энерготизим вужудга келмас экан, сув масаласи ҳам ҳал бўлмайди. Чунки сув манбалари Қирғизистон ва Тожикистондан бошланади, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон эса бу сувдан асосий фойдаланувчилар ҳисобланади. Қиш пайтида электр энергиясига муҳтож бўлиб қолган Қирғизистон ва Тожикистондаги ГЭСлар тўла қувват билан ишлаб, ёзда суғориш мақсадида йиғиладиган сувнинг анча қисмини сарфлаб қўяди.

Қирғизистондаги Сув муаммоларини ўрганиш институти директори, академик Душен Маматхонов бундан аввалроқ “Озодлик” радиосига берган интервьюсида собиқ иттифоқ даврининг сўнгги 20 йили ичида Қирғизистондан олинадиган сув ҳисобидан Ўзбекистон қарийб бир ярим миллион гектар, Қозоғистон 700 минг гектар янги ер ўзлаштиргани, Қирғизистонга эса фақат 108 минг гектар ер ўзлаштиришга ижозат берилганини айтган эди.

“Ўзбекистон ҳозир ана шу янги ўзлаштирган ер ҳисобидан ҳар йили 800 миллион доллар фойда олади. Агар биз биродар бўлсак, ака-укаларча ҳисоб қиладиган бўлсак, ўша 800 миллиондан 150 миллионини Қирғизистонга берсин, қолгани ҳам унинг ўзига етади. Мана бу одилона бўларди”, - деган эди Душен Маматхонов.

Аммо Ўзбекистондаги “Экосан” ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметов қирғизистонлик академикнинг гапларига қўшилмаслигини билдирди.

“Қирғизистонлик айрим дўстларимиз парламентида сувни табиий захираларга ўхшаб сотайлик, деган ташабус билан чиққан. Аммо халқаро ташкилотлар уларга бу нотўғри фикр эканини айтган. Масаланинг бошқа ечими бор. Марказий Осиë сув-энергетика консорциумини ташкил қилиш таклифи билдириляпти. Агар бундай идора ташкил этилса, бир қатор муаммолар ўз ечимини топган бўларди”, - деди Ю.Шодиметов.
XS
SM
MD
LG