Линклар

Минтақа олимлари қурилаётган бинолар зилзилабардошлигидан хавотирда

  • Гулнора Равшан

Марказий Осиё давлатларининг зилзилашунос мутахассислари сўнгги 15 йил давомида қурилган турар-жой бинолари кучли ер силкинишига бардош бера олмаслигидан хавотир билдирмоқда.

Улар эҳтимолий зилзила оқибатларини камайтириш учун аҳолининг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлигини ошириш тадбирлари борасида фикр алмашиш мақсадида Тожикистон пойтахтида учрашди.

Олимлар давра суҳбатида Тожикистон давлат техника унверситети профессори Наим Ёқубов Душанбедаги 90 фоизга яқин хусусий уйлар 8-9 балли ер силкинишига бардош бера олмаслигини билдирди.

“Шуни назарга олган ҳолда тожик олимлари махсус дастур асосида пойтахтдаги хусусий уйлар ҳамда кўп қаватли биноларнинг зилзилага чидамлилиги юзасидан тадқиқот ўтказиш ва зилзила зарарини камайтириш мақсадида аҳолига аниқ маълумот берилишига оид чора-тадбирлар кўришни режалаштирган”, - деди Наим Ёқубов.

Қозоғистонлик олим Анвар Талбоев фикрича, минтақа давлатлари зилзила зарарини камайтириш борасида жипс ҳамкорлик қилиши зарур.

“Марказий Осиё давлатларида турар-жой бинолари ягона конструкция асосида қурилади. Табиийки, бу уйлар йиллар давомида эскириб зилзилага чидамсиз бўлиб қолади. Энг даҳшатлиси, бу уйлар ҳатто 6-7 балли зилзилада ҳам қулаб тушади”, - деди А.Талбоев.

Қозоғистоннинг 30 фоиз ҳудуди сейсмик актив ҳисобланса, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бутун ҳудудида зилзила хавфи юқори. Ўтган 50 йил мобайнида юз берган кучли ер силкинишлари шу икки давлатда қайта такрорланиши эҳтимоли бор. Бу, ўз навбатида, зилзила юз берган давлатларгагина эмас, балки бутун минтақага катта иқтисодий ва ижтимоий зарар етказиши табиий.

“Шуни назарга олган ҳолда Марказий Осиё давлатлари зилзилашунос мутахассислари кучли ер силкиниши зарарини камайтириш борасида ҳамкорлик қилиши зарур”, - деди Анвар Талбоев.

Ўзбекистонлик олим Машраб Аҳмедов қозоғистонлик ҳамкасбининг фикрларини қўллар экан: “Шунинг учун биз тожикистонлик мутахассислар билан зилзилабардош бинолар қуриш ва қурилган биноларни мустаҳкамлаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдик”, - деди.

Тошкент давлат техника университети ходими Ўринбой Йўлдошевнинг сўзларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати аҳоли ўртасида зилзила зарарини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг 5 йиллик дастурини қабул қилган.
XS
SM
MD
LG