Линклар

logo-print

Қозоғистондаги муҳожирларнинг асосий қисми ўзбеклар


Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги миграция қўмитаси маълумотларига кўра, 1999 йилдан буён мамлакатга келаётган муҳожирларнинг энг асосий қисмини ўзбекистонликлар ташкил этмоқда.

Маълум бўлишича, ўзбек меҳнат муҳожирларининг катта қисми, яъни қарийб 200 минги Жанубий Қозоғистон вилоятида ишлайди. Шунингдек, Остона, Олмаота, Қизилўрда ва Отров каби шаҳарларда ҳам кўплаб ўзбек муҳожири бор. Миграция қўмитаси ҳозир Қозоғистонда бир миллионга яқин ўзбек муҳожири меҳнат қилаётганини билдирмоқда.

Ўзбекистонда йиллик туғилиш кўрсаткичи ўртача 300 минг кишини ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини келтириб чиқаради. Мамлакатда иш ўринлари етишмаслиги хориж, жумладан, қўшни давлатларда ўзбек муҳожирлари оқими кўпайишига олиб келгани кузатилмоқда. Қозоғистон эса ўзбек муҳожирлари энг кўп келаётган мамлакатлардан бири бўлиб қолаётир.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Ипак йўли” чегара назорати постидаги манзара муҳожирлар оқими ҳақида муайян таассурот беради.

“Ўзбеклар жуда кўп келяпти. Уларни чегара қийнаяпти, Ўзбекистон томондан ўта олмай, бир ҳафталаб ётиб қолишяпти”, - дейди “Ипак йўли” постидан одамларни ўтказиб қўйиш билан шуғулланадиган киши.

“Олмаотада жойлашган “Сайран” автовокзали ҳар куни юзлаб ўзбек муҳожирини қабул қилади, - дейди Тошкент-Олмаота йўналишида қатновчи автобус ҳайдовчиси Қўчқор ака. - Кам деганда 5 та одам келади битта автобусда. Ичида аёли ҳам, эркаги ҳам бор. Асосан, Наманган, Фарғона, Қўқон, Андижондан келади, қурилишларда ишлайди”.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдот Хўжахметов мамлакатга қонуний ва ноқонуний кираётган муҳожирларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар эканини тасдиқлади.

“Ҳисобимиз бўйича бу йил Ўзбекистондан 250-300 минг муҳожир келиши кутиляпти. Уларнинг асосий қисми қурилишда ишлайди. ИИВ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакат ҳудудидаги барча муҳожирларни умумий назорат остига олиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқмоқда. Лойиҳага кўра, Қозоғистонга келган ҳар бир муҳожир қонун асосида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Қозоғистон муҳожирларни қабул қилишдан манфаатдор. Улар маҳаллий ишчи кучига қараганда арзон, ишдан қуруқ қолмаслик учун ҳалол меҳнат қилишга интилади. Биз муҳожирларнинг барчаси давлатга солиқ тўлаб, қонун асосида ишлашини таъминлаш ниятидамиз”, - деди Боғдот Хўжахметов.

ИИВ вакилининг бу гаплари ҳозир расмий Остонанинг муҳожирларга нисбатан юритаётган сиёсатига мос келади.

Маҳаллий кузатувчилар расмийлар фойдали бўлгани учун муҳожирларга мурувват кўрсатишга ҳаракат қилаётганини айтар экан, бунинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда.

Уларнинг фикрича, Қозоғистон ҳукуматининг муҳожирларни кенг кўламда қабул қилиши мамлакат, асосан, унинг жанубида яқин келажакда арзон ишчи кучи ҳисобланаётган муҳожирлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида меҳнат бозорида кучли рақобатни юзага келтиради. Бу эса турли можаролар келтириб чиқариши ва давлатлараро миқёсида кучли зиддиятга олиб келиши эҳтимоли жуда катта.
XS
SM
MD
LG