Линклар

logo-print

Узоқлаб кетма, бўри ейди, яқин келма, афтингни кўрмай

  • Садриддин Ашур

http://gdb.rferl.org/6E5C93BC-843E-40A0-B249-5CA24BEE50FE_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/6E5C93BC-843E-40A0-B249-5CA24BEE50FE_mw800_mh600.jpg Кузатувчилар Ўзбекистоннинг Европа ҳамжамиятидаги дипломатик миссияси янги раҳбари Эсон Мустафоевнинг вазифаси, аввало, Европа Иттифоқининг мамлакатга қарши санкциясини бекор қилдириш устида ишлаш бўлишини айтмоқда.

Куни-кеча Европа комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозуга ишонч ёрлиғи топширган Эсон Мустафоев бу учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболини моҳокама этгани хабар қилинмоқда.

Хўш, Э.Мустафоев санкцияларни бекор қилиш бўйича ўзига юкланган вазифани ўз вақтида бажарадими? ЕИнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги фикрларини ўзгартира оладими?

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев бу саволларга “йўқ”, деб жавоб қайтарди.

“Йўқ. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Одамларнинг диний айбловлар билан қамалиши тўхтамаяпти, журналистларга, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига босимлар кучаймоқда. Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, Ўзбекистон Европа комиссияси берган тавсияларни бажармаяпти”, - деди Т.Йўлдошев.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари Андижон воқеаларидан кейин ҳам умуман тўхтагани йўқ.

“Андижон воқеасидан кейинги бир йил тозалаш жараёни бўлди. Жумладан, жуда кўп мухолифатчи ва мухолифатчилик кайфиятидаги журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди. Улгурмаганлари эса қамоққа олинди. Шу нуқтаи назардан ҳукумат инсон ҳуқуқларига нисбатан сиёсатини ўзгартиргани йўқ. Аксинча, тозалаш кучайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда жонли фаолият юритаётган бирорта инсон ҳуқуқлари ташкилоти қолмади”, - деди К.Раббимов.

Сиёсатшунос бугунги кунда ЕИнинг, умуман Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан тутган сиёсати инқирозга юз тутганини айтар экан: “Босим ўтказиш, санкциялар жиддий самара бермади. Қанчалик кучли босим қилинса, Ўзбекистон геосиёсий нуқтаи назардан муқобил бошқа томонга, яъни Россия ва Хитойга шунчалик оға бошлади. Бу ЕИ манфаатларини шубҳа остига қўя бошлади”, - дейди.

Унинг сўзларига кўра, шу нуқтаи назардан Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан тутган сиёсати жуда зиддиятли ва қарама-қарши усуллардан иборат. Чунки, аввало, Ғарб газ ва нефть таъминотида Россияга муқобил минтақалар қидирмоқда. Шунинг учун ЕИ Ўзбекистон билан музокаралар юритишга маҳкум ва расмий Брюссель ўзаро мулоқотни тиклашга уриняпти.

“Лекин бу жуда ҳам зиддиятли ва қандайдир бир самара беришига имоним комил эмас. Кейинги йил ичида ЕИ Ўзбекистонга жорий этган санкцияларни бекор қилмайди, деб ўйлайман, чунки бунинг учун замин ва асос йўқ”, - деди К.Раббимов.

Кузатувчиларнинг айтишича, ЕИ ҳозир Ўзбекистонга нисбатан халқ мақолида айтилганидек, “узоқлаб кетмагин, бўри ейди, жуда яқин ҳам келма, афтингни кўрмай”, қабилида сиёсат юргизяпти.
XS
SM
MD
LG