Линклар

logo-print

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳбусларни ҳақиқий ҳизбчига айлантирмоқда

  • Барно Анвар

http://gdb.rferl.org/E2B8ED43-934B-45C0-B25B-AB0030C850F6_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/E2B8ED43-934B-45C0-B25B-AB0030C850F6_mw800_mh600.jpg “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб қамоқ жазосини ўтаётган маҳбус Рустам Қундузов қамоқхонага келган имомга савол бергани учун жарима изоляторига ташланди.

Қўқонлик Саодат Обиджонова ўғли Р.Қундузовнинг жарима изоляторига ташланганига сабабни унинг саволига жавоб бера олмаган имомдан кўрмоқда.

“Ахир ўғлим озодликдан маҳрум қилинган- ку, сўз айтиш ҳаққидан маҳрум қилинмаган-ку! Қамалишидан олдин у “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзо эмасди. Аммо уриб-уриб бу партияга аъзолик айбини бўйнига қўйишганини айтди. Борганимда кўйлаклари қон эди боламнинг”, - деб куйинади она.

1999 йилда “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзоликда айбланган Р.Қундузов 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. С.Обиджонова “Ҳизб ут-таҳрир”га кирганида у ҳақда тузук билмаган ўғли қамоққа ташланганидан кейин икки йил ўтиб шу йўлга кирганини айтганини билдирди.

“Аслида қамоққа бу йўлдан қайтсин, деб қамайдилар-ку, нега акси бўляпти?! Мен ҳеч нарсани тушунолмай қолдим. Ўғлимни битта саволи учун шунча азобга солишди, мени нима қилишаркин агар ўйлантирган саволларимни сўрасам?!” - дейди онаизор.

Қўқон шаҳрида яшайдиган онанинг панжара ортида ўтирган ўғли қандай қилиб “Ҳизб ут-таҳрир” аъзосига айланиб қолгани ҳақидаги саволлари жавобсиз қолмоқда. Навоийдаги 64/29-қамоқхонада ўтирган ўғилнинг бу ерда маъруза қилган имомга берган саволига оид тафсилотлар эса қоронғу.

Аслида Фарғона вилоятида бу каби саволларига жавоб ололмаётганлар жуда кўплигини айтади фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев.

“Бунақа саволларига жавоб топа олмай юрган ота-оналар, саволларига турли оқим вакилларидан жавоб олиб, нотўғри йўлга кириб кетаётган ёшлар, афсуски, кўп. Суд залида адашган эканман, дея астойдил афсус қилган, бироқ қамалганидан бироз ўтиб, ҳақ эканман, энди қайтмайман, деган қатъий қарорга келган йигитлар билан шахсан кўп суҳбатлашганман. Уларни вақтида тўғри йўлга қайтариш мумкин эди”, - дейди А.Эргашев.

Диний мотивлардаги айбловлар билан ўтаётган суд жараёнларини кузатиб келаётган тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Улуғбек Усмонов яқинлари ёки танишлари қамалган ёхуд ўзи ҳам бир неча бор “Ҳизб ут-таҳрир” машғулотларига қатнаб қўйган одамларни “аслида бу йўл ҳақ йўлмикин ёки мен адашмаётганмикинман”, деган саволлар, табиийки, қийнашини айтади.

“Айримлар аноним йўллар билан масжидда шундай саволларни беришга журъат ҳам қилади. Аммо бунга берилаётган жавоб аксар ҳолларда улар адашганлар, йўли хато экани ҳақидаги умумий гаплардан нарига ўтмайди. “Ҳизб ут-таҳрир”да айбланиб бирин-кетин қамалиб кетаётган ёш-ёш йигитлар ҳақида одамлар деярли тўлиқ ижобий фикрда. Улар ичмайди, чекмайди, ғийбатга қўшилмайди. Унинг фикри, ғояси бузилган-бузилмаганини диний илми бўлмаган авом халқ ажрата билмаслиги мумкин”, - деди У.Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, аслида Ўзбекистонда озгина бўлса-да, диний эркинлик бўлганда, одамлар ўзларини қийнаган саволларни очиқ айтиб, ҳақиқий илмли уламолардан очиқ, ҳалол жавоб олиш имконига эга бўлганида эди, юзлаб ёшлар нотўғри йўлга кирмасди.

“Ҳизб ут-таҳрир”ни илгари сурганлар, бизнинг уламоларимиз ва халқ ўртасида очиқ мулоқот бўлиши керак. Афсуски, Ўзбекистонда минглаб диндорнинг қамалишига сабаб бўлаётган “Ҳизб ут-таҳрир”, ваҳҳобийлик каби тақиқланган диний оқимлар тўғрисида ўзбекистонлик оддий диндорларни ўйлантираётган энг оддий саволларга ҳам жавоб йўқ”, - деди У.Усмонов.
XS
SM
MD
LG