Линклар

logo-print

Қозоғистон телеканаллари мухолифатни ўзига яқинлаштирмаяпти


Қозоғистоннинг етакчи телеканаллари мамлакатдаги мухолифат партияларининг сайловолди кампанияси тарғиботига оид роликларини намойиш этишдан бош тортмоқда.

Социал демократик партия аъзоси Айдос Саримов телеканалларнинг бу қадами ва сайловолди кампанияси давридаги бошқа қонунбузарликлар мухолифатнинг сабр косасини тўлдираётганини билдирди.

“Сайловолди кампаниясида социал демократлар “Бир давлат - икки тақдир” шиори билан қатнашмоқда. Роликларимизда мансабдорларнинг шоҳона ҳаёти ва оддий халқ турмуши муқояса қилинган. Давлат телеканаллари, жумладан, “Хабар” телеканали ролигимизни намойиш этишдан бош тортганига асосий сабаб унда Дариға Назарбоева ва президентнинг турли тадбирларда қатнашганини кўрсатганимиздир”, - деди Айдос Саримов.

Унинг сўзларига кўра, давлат органлари аввалги сайловолди кампаниялари даврида ҳам мухолифатга қарши турли усуллар билан курашган. Мухолифат тарғиботчилари калтакланган, ҳатто турли айблар билан қамалганлари ҳам бор. 2005 йилда мухолифат етакчиси Жармахон Туёқбойнинг сайловолди кампанияси штабида ишлаган бир тарғиботчи ўз фаолиятидан қайтмагани учун қизи аввал ўғирлаб кетилиб, кейин ўлдирилган эди.

“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси раҳбари Тамара Калеева эса Қозоғистонда парламент сайловолди кампанияси вақтида ҳукумат мухолифатга қарши курашда ОАВдан қурол сифатида фойдланишини таъкидлади.

“Аввалги парламент сайловолди кампанияси даврида ҳам кўпгина маҳаллий телеканаллар мухолифатнинг тарғибот роликларини намойиш этишдан бош тортган эди. Мухолифат уларни судга берганидан кейин роликларни намойиш этмаслик ҳақидаги кўрсатма телеканалларга Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти томонидан берилгани аниқланди. Сайловолди кампанияси вақтида телевидение сиёсий кучларнинг энг асосий тарғибот воситасига айланади”, - деди Т.Калеева.

Маҳаллий ОАВ тарқатаётган хабарларга кўра, мамлакатнинг турли ҳудудида мухолифат партиялари тарғиботчиларининг полиция томонидан асоссиз ҳибсга олиниши, дўппосланиши, кўчадаги реклама-тарғибот материаллари маҳаллий органлар томонидан олиб ташланиши каби қонунбузарликлар учрамоқда.

Кузатувчилар гарчи ҳукмрон “Нур Отан” партиясининг парламент сайловида ғолиб бўлиш имконияти катта бўлса-да, у мухолифатдаги Социал демократик партияни ўзининг хавфли рақиби сифатида кўраётганини таъкидлаётир.
XS
SM
MD
LG