Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

Тожикистонда озиқ-овқат нархи кўкка ўрлади


Тожикистонда сўнгги бир ҳафтанинг ичида энг зарур кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари - ун, ёғ, гўштнинг нархи тахминан 30 фоиз қимматлашди. Мамлакатда яқин йилларда нарх-наво қисқа фурсатда бунчалик тез ўсгани кузатилмаган эди.

Маҳаллий савдогарлар нарх-наводаги бундай кескин ўсишни бу маҳсулотлар баҳоси улар олиб келинадиган мамлакатларда ҳам кўтарилиб кетгани билан изоҳламоқда.

Зебо исмли савдогар аёл у сотаётган ун Қозоғистондан олиб келинишини, Қозоғистонда эса ун баҳоси кўтарилганини таъкидлади. У атиги бир ҳафта муқаддам бир қоп унни 58 сомонийдан сотган бўлса, энди нархни 74 сомоний ёки 23 доллар қилиб белгилаган.

Зебо ҳозир ёғнинг бир килограммини 4,5 сомоний, яъни тахминан 1,5 доллардан сотмоқда. Ёғ эса Ўзбекистондан олиб келинади. Савдогар аёл қўшни мамлакатнинг ўзида ҳам ёғ қимматлашганини айтди.

Аксарияти қашшоқ яшаётган тожикистонлик фуқаролар бозордаги нархлардан ваҳимага тушиб қолди.

80 ёшни қоралаб қолган кекса отахон атиги 35 сомоний нафақа олади.

“Тожикистонда тайинли бошлиқ йўқ. Бир кило ёғ 4,5 сомоний бўлгандан кейин нимасини гапирай?! Асосий озиғимиз-ку бу маҳсулотлар. Бундан кейин пулдор одам ейди, пулсиз ўлиб кетаверади. Ички низоларда очликдан ўлмадик, энди ўламиз-да”, - дейди отахон ноумидлик оҳангида.

Четдан келадиган ун ва ёғ у ёқда турсин, Тожикистоннинг ўзидан чиқадиган гўшт ҳам қимматлаб кетди. Қассоблар бунинг сабабини ем-хашак тақчиллиги ва нархи баландлиги билан изоҳламоқда.

Тожикистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлигига вакили Ғафуржон Расулий “Озодлик” билан суҳбатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сунъий равишда ошганини ва бунинг учун зарур чоралар кўриш мақсадида ҳукумат топшириғи билан вазирлик ҳузурида махсус комиссия тузилганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат бозорларидаги нархларни назорат этиб турувчи идора йўқ. Савдогарлар эса ҳар турли овозалар ва баҳоналар билан ўзлари нархларни сунъий равишда кўтараётир.
XS
SM
MD
LG