Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:09

Андижонлик нонвойларни нон урди...ми?


Қозоғистон маҳаллий матбуоти Манғистовда андижонлик уч нонвой нон тайёрлаш учун хамирни оёғи билан қоригани воқеасини овоза қилиб, шундай ҳам кучсиз бўлмаган аксилўзбек кайфиятини қўзғашга ҳисса қўшди.

Ҳозир Қозоғистонда ўн минглаб ўзбекистонлик ҳалол меҳнати орқасидан тирикчилик қилади. Улар не куйларга солинмаётгани, қандай шароитларга меҳнат қилаётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қозоғистонда қанча-қанча ўзбеклар қулликда сақланаётгани, ҳалол меҳнат қилиш учун борган қиз-жувонлар маҳаллий зўравонлар томонидан таҳқирланаётгани воқеалари тез-тез учраб туради. Лекин бундай воқеалар ҳар доим ҳам юзага чиқавермайди. Лекин андижонлик нонвойлар билан боғлиқ воқеа Қозоғистонда анча шов-шув қилинди.

Маълум бўлишича, андижонлик нонвойлар Манғистов вилоятида ноқонуний очилган нонвойхонада ишлаган.

Манғистов вилояти прокурори ўринбосари Қайрат Кенжалиевнинг сўзларига кўра, прокуратура ўтказган рейд давомида андижонлик нонвойлар хамирни ваннада оёқлари билан қориётгани устидан чиқилган. Бири 40, иккитаси 25 ёшлик бўлган йигитлар миграция, солиқ ва санитария қоидаларини қўпол равишда бузгани етмагандек, ёнида бирор ҳужжати бўлмаган.

“Биз нонвойхонага келганимизда бир ўзбек йигити оёғига целлофан пакет кийиб, хамир қориётган эди. Нонвойлар кунига 680-700 та тандир нон пишириб, вилоятдаги дўконларга сотувга чиқарган. Улар хамирни оёқ билан қориши ҳақидаги хабар тарқагандан кейин одамлар дўконлардан нон олишга хавфсираб қолди”, - дейди Қ.Кенжалиев.

У андижонлик нонвойлар юртига депортация қилингани, нонвойхона эгаси эса прокуратура томонидан жаримага тортилганини билдирди.

Қозоғистонда ўзбеклар тайёрлайдиган таомлару нонларнинг бозори чаққон. Аммо Манғистовдаги нонвойхона воқеаси маҳаллий матбуотда шов-шув қилингандан кейин айримлар ўзбек нонвойларининг ҳалол ишлашига шубҳа қила бошлади.

Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбек ошпазларию нонвойлари эса андижонлик ҳамкасблари ишидан қаттиқ ранжиганини яширмаяпти.

“Одамзод, мусулмон одам бундай қилмайди. Қайси инсон хамирни оёқ билан қоради? Бу аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Бу ерда билмадим-ку, Ўзбекистонда бундай инсонлар йўқ”, - дейди Олмаотадаги энг йирик “Юбилейний” овқатланиш мажмуининг бош ошпази, фарғоналик Абдуқодир ака.
XS
SM
MD
LG