Линклар

logo-print

Почта жўнатмалари эгасига камомад билан етказиляпти

  • Ҳурмат Бобожон

Почта мижозлари Ўзбекистонга чет элдан юборилаётган жўнатмалар, посилкалар кўп ҳолларда божхона ходимлари томонидан текширилиб, муҳри бузилган ҳолда эгаларига берилаётгани, айрим ҳолларда эса ичидаги буюмлар йўқолаётганидан шикоят қилмоқда.

Урганч шаҳридаги келин либослари салони хўжайини Роҳатой либосларни Украинадан харид қилиб, уларни почта орқали Ўзбекистонга посилка қилади.

Унинг айтишича, сўнгги пайтларда Киевдан юборган посилкалари ичидаги нарсалар йўқола бошлаган. Сўнгги юборган посилкаси ичидан эса 200 минг сўмлик бир тўп материал йўқолган ва унинг ўрнига 1,5 литрлик пластик идишда сув чиққан.

“Тошкент суви чиқди. Чунки сув билан посилка оғирлигини тўғрилаб қўйиш осонда. Ортиқчасини тўкиб ташлашади. Чунки жўнатманинг юборгандаги оғирлиги қабул қилиб олингандагиси билан тўғри келиши керак”, - дейди Роҳатой.

Хоразмлик Бердивой почта жўнатмаси ичида нарсалари кам чиққани, мобил телефони ўрнига шоколад солиб қўйилганини даъво қилиб, яқинда “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти раҳбариятига шикоят қилди.

“Почтадагилар посилка қилинган нарсалар рўйхатида мен айтган нарсалар йўқлигини, шунинг учун ёзилмаган нарсалар йўқолган бўлса, улар ҳеч нарса қила олмаслигини айтди. Нарсалар Ўзбекистонга келмасидан йўқолган бўлиши мумкинлиги, бу ерда посилка 4-5 киши иштирокида текширилишини билдирди”, - дейди Бердивой.

Ҳар бир давлатда жўнатмаларнинг йўқолмасдан эгасига етказилиши учун почта жавобгарликни зиммасига олади. “Ўзбекистон почтаси” ходимлари эса йўқолган нарсалар учун посилка қайси мамлакатдан жўнатилган бўлса, ўша ерга мурожаат қилишни тавсия этмоқда.

Аммо Роҳатой ҳам, Бердивой ҳам ўз посилкалари Украинада эмас, Ўзбекистон ичкарисида очилган ва ичидаги нарсалар ҳам мамлакат ичкарисида йўқолган, деган гумонда.

“Ахир посилка ичидан ўзбекча ёзувли ичимлик сув чиқса, қандай қилиб бу ишни украиналиклар қилган бўлади”, - дейди Роҳатой.

Хоразмдаги почта идораси ходимлари эса бу тадбиркорлар шикояти асоссиз эканини айтмоқда.

Почта ходимаси Шакаржон опанинг сўзларига кўра, баъзида мижозлар посилка ичида бўлган ашёлар рўйхатини тўлиқ келтирмайди. Рўйхатга киритилмаган ашё йўқолса, бунинг учун почта жавоб бермайди.

Кўп ҳолларда посилкалар муҳри бузиб очилган ҳолда эгаларига берилаётир. Ўзбекистонга четдан келаётган айрим жўнатмалар божхона текшируви пайтида очилишини почта ходимлари ҳам тасдиқлайди. Бироқ хоразмлик жабрдийда тадбиркорлар ўз жўнатмаларининг йўлда очилишини қонунга зид ҳисобламоқда.

“Почта сири тўғрисида қонун бор, ахир. Нима, энди бу қонун бекор бўлдими”, - дейди куйиниб Бердивой.

Почта ходимлари почта сири тўғрисидаги қонун фақат ёзма тарзда юборилган жўнатмаларга тааллуқли эканини билдиряпти. Хоразмлик тадбиркорлар эса йўқолган нарсаларини ундира олмай боши гаранг. Улар йўқотилган нарсаларига кўп ҳам ичи ачимаётганини, лекин ҳозир индалмаса, кейин ҳам шундай қилинишидан хавотирда эканини таъкидлаётир.

Почта ходимлари эса ўз мижозларига посилка жўнатаётганда унинг ичида бор нарсалар рўйхатини тўлиқ ёзишни тавсия қилмоқда.
XS
SM
MD
LG