Линклар

logo-print

Акцияларга қўшиб ходимлар фикри ҳам сотиб олинадими?

  • Озодлик

Россиянинг МТС компанияси Ўзбекистондаги “Ўздунробита” мобил алоқа операторининг нафақат акцияларини, балки ходимларининг фикрларини ҳам ўша акцияларга қўшиб сотиб олган кўринади.

Ҳар ҳолда “МТС-Ўзбекистон” мобил алоқа компанияси абонентлари сони икки миллиондан ошиб кетгани ҳақида маълумотга ойдинлик киритмоқчи бўлган “Озодлик” мухбири шундай ҳолатга дуч келди.

“МТС-Ўзбекистон” матбуот бўлими ходими Бобир Назарзода ҳатто шу расмий маълумотларни тасдиқлашни ҳам истамади ҳамда: “Москвадаги офисимизга қўнғироқ қилсангиз яхши бўларди”, - дейиш билан чекланди, холос.

МТСнинг марказий идораси ходими Филипп Грицков эса “Озодлик”ка берган интервьюсида компания раҳбарияти Ўзбекистондаги фаолиятдан қониқаëтганини билдирди.

“Биринчидан, Ўзбекистонда барча кўрсаткичлар - абонентлар ва даромад бўйича етакчилик қиляпмиз. Бундай муваффақиятларга мижозларимизга кенг хизматлар турини таклиф қилганимиз сабаб бўлди. Қолаверса, Ўзбекистонда мобил алоқа бозорининг ривожланиш истиқболи мавжудлиги компаниянинг энг замонавий хизмат турларини таклиф этиш имкониятини кенгайтиради. Мамлакат иқтисодиëти ўсиши, аҳоли даромади ошиши, абонентлар сони кўпайиши ҳисобига “МТС-Ўзбекистон”нинг ҳам имкониятлари кенгайиб бораверади”, - деди Филипп Грицков.

Расмий маълумотларга кўра, йил бошида 1,45 миллион мижозга эга бўлган “МТС-Ўзбекистон” қисқа фурсатда 38 фоиз ўсишга эришган. Мамлакатда қамров кўлами энг катта бўлган бу компания яқин келажакда маълумотларни катта тезликда узатиш имконини берадиган 3G и WiMAX тармоқларини қуришни ҳам режалаштирмоқда.

“МТС-Ўзбекистон” расмийлари Ўзбекистондаги фаолияти аъло даражада ривожланаётганини айтаётган бир пайтда мамлакатдаги учинчи йирик мобил алоқа компанияси бўлмиш “Коском” ўз муваффақияти билан мақтана олмайди. Лицензия қоидаларига риоя қилмаганлик айби билан йил бошида алоқа хизмати кўрсатиш ҳуқуқидан ўн кунга маҳрум этилган “Коском” минглаб абонентини йўқотди. Компания сотилиши мумкинлиги ҳақида тарқалган шов-шувлар эса бугунга кунга келиб исботини топди.

Скандинавия мамлакатларига қарашли “TeliaSonera” ширкати “Коском”нинг бош акциядори бўлган АҚШнинг МСТ корпорациясини 300 миллион АҚШ долларига сотиб олди.

Гарчи “Коском” расмийлари юзага келган вазиятга Ўзбекистон ҳукумати юритаëтган сиëсатнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини иддао қилаëтган бўлса-да, кузатувчилар бунинг ортида сиёсий сабаблар ҳам борлигини таъкидлаётир.
XS
SM
MD
LG