Линклар

Ўзбекистон матбуоти жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатдаги иқтисодий кўрсаткичлар ва турмуш даражаси кескин кўтарилганига оид рақамлар ва хулосаларни овоза қиляпти.

Ўзбекистон телевидениесининг Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлис тафсилотлари ҳақидаги репортажида “бу ютуқларга президент Ислом Каримов белгилаб берган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида эришилаётгани” таъкидланди.

ТВ мухбирнинг айтишича, барча соҳалардаги изчил ривожланишга ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 10 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 11,5 фоиз, истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш 19 фоиз, аҳолига хизмат кўрсатиш 25 фоиз ошганини мисол қилиш мумкин.

Мухбир “мамлакат иқтисодининг мисли кўрилмаган даражада ўсишидан, биринчи навбатда, халқ наф кўраётгани, унинг турмуш даражаси ошаётгани”ни таъкидлади.

Аммо оддий ўзбекистонликлар фикри, нимагадир, бошқача бўлиб чиқмоқда. Фарғонанинг Олтиариқ туманилик бир суҳбатдош ҳукумат йил бошидан бери одамлар тирикчилигини енгиллатишга интилган бўлиши мумкинлигини, лекин бу ҳаракатлар акс натижа бераётганини билдирди.

Ўзбекистон матбуоти жойларда Вазирлар Маҳкамасида ярим йиллик натижаларига бағишлаб ўтказилган мамжлисга бағишланган мажлислар ҳам бўлиб ўтаётганини, уларда ҳукумат мулозимлари президент И.Каримов белгилаб берган вазифалар ортиғи билан бажарилаётганини мамнуният ила таъкидлаётгани ҳақида бонг ураётир.

Маҳаллий журналистлар амалдорларга таяниб айтганидек, Ўзбекистонда ярим йил ичида 154 та катта ва кичик саноат корхонаси очилгани ва 315 мингта янги иш жойи яратилганига қарамай, иш топа олмаганидан мардикорлик қилиш учун мамлакат ташқарисига чиқиб кетаётган ўзбекистонликлар сони кун сайин ошиб бормоқда.

Ўтган ойда Ўзбекистонда август ойидан маошлар ва нафақа пуллари 25 фоиз ошиши ҳақида фармон қабул қилинди. Бу ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг халқнинг оғирини енгил қилишга уриниши эмасми, дейиши мумкин кимдир.
Фарғоналик Аъзамжон бу саволга қатъий қилиб “йўқ”, деб жавоб қайтармоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳали оширилган маошлар қўлга келиб тегишига анча вақт бўлишига қарамай, бу фармон ортидан мамлакатда нарх-наволар кескин кўтарилиб кетган. Коммунал хизмат ва бошқа тўловлар нархи ҳам сезиларли ўсган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида И.Каримов берган вазифалар бажарилиб, халқ турмуши ва фаровонлиги ўсиб бораётгани ҳақида материаллар кўпайганини кузатувчилар яқинлашиб келаётган президент сайлови билан боғламоқда.

Таҳлилчилар оч-юпун халқ турмуш яхшиланаётгани ҳақидаги гапларга ишонмаслигини билса-да, Ўзбекистон раҳбарлари сайловолди тарғиботининг бошқа усулларини билмаганидан ўзини мақташнинг ана шундай советча кўринишини қўллашга мажбур бўлаётганини айтади.

Айрим сиёсатдонлар эса ҳукумат бундай ташвиқотсиз ҳам сайловда ўзи истаган натижаларга эриша олишини, шунинг учун халқни ортиқча алдашга ҳожат йўқлигини таъкидлаётир.
XS
SM
MD
LG