Линклар

МХХ ходимлари аёлларни ҳам калтаклайверади...ми?

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган чоршанба куни Фарғона-Водил йўлида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Фарғона тумани бўлими ходимлари икки фуқаро - эр-хотинни беаёв калтаклади.

Бу ҳақда “Озодлик”ка мактуб йўллаган фуқаро мактубга қўшиб калтакланган эр-хотин, яъни Фарғона вилоятининг Фарғона туманида истиқомат қилувчи Умид Омонжонов ва Муножат Омонжонованинг суратларини ҳам юборди. Бу суратларда эр-хотиннинг ҳамма жойи моматалоқ бўлиб кетгани кўриниб турибди.

М.Омонжонованинг укаси Улуғбекнинг “Озодлик”ка айтишича, воқеа ўтган чоршанба куни кеч соат 9:30ларда рўй берган. Опаси ва поччасини МХХ ходимлари ҳеч қандай сабабсиз, катта йўлда, ҳамманинг кўз ўнгида калтакланган.

Улуғбекнинг ҳикоясидан маълум бўлишича, 1974 йилда туғилган опаси ва 1968 йилда туғилган поччаси кичик тадбиркорлик билан шуғулланади. Ўша куни улар шахсий машинасида сотиш учун мўлжалланган кир ювиш порошоги, пластик пакетлар ва бошқа майда-чуйдаларни олиб кетаётган бўлган. Фарғона-Водил йўлида орқаларидан давлат рақамисиз шубҳали машина кузатиб келаётганини сезиб қоча бошлашган.

“Миндонобод қишлоғига етишганида давлат рақамисиз машина опам ва поччам кетаётган машинани йўл четига сиқиб чиқарган. Машинадан МХХ туман бўлими бошлиғи, унинг ўринбосари ва яна бир ходим чиқиб келиб, поччам билан опамни дўппослай кетган”, - дейди Улуғбек.

Эр-хотин Омонжоновларни калтаклаш бошлангандан ярим соатлар ўтиб воқеа жойига туман ички ишлар бўлими ходимлари, жумладан, бўлим бошлиғи ҳам етиб келади.

“Туман милицияси бошлиғи, оддий порошок (жабрланувчилар машинасидаги кир ювиш порошоги) учун шунчалик калтаклайдими, деб сўраганда, МХХ туман бўлими бошлиғи Муҳсин, қоч, уларнинг машинасидан наркотик топдим, десам нима дейсан, деб милиция бошлиғига дўқ уради ва бўлаётган воқеа ҳақида бирор жойга хабар қилишга ҳам рухсат бермайди”, - деди Улуғбек.

Улуғбекнинг сўзларига кўра, шундан кейин Фарғона тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ва бошқа милиционерлар, йўлдан ўтиб кетаётган одамларнинг МХХ ходимларининг эр-хотинни калтаклаши ва ҳақоратлашига томошабин бўлиб туришдан бошқа иложи қолмаган. МХХ ходимлари калтаклашдан уриб чарчагандан сўнг эр-хотинга таҳдид қилган. Яъни воқеа ҳақида бирор жойга шикоят қилишса ёхуд олган жароҳатларини даволагани шифохонага ётадиган бўлса, шифохонадан уларнинг ўлиги чиқишини ваъда қилишган. Шунга қарамай, эр-хотин тиббий ёрдамга мурожаат қилган ва шифокорлар ҳам уларнинг қаттиқ калтаклангани ҳақидаги хулосани берган.

“Озодлик” мухбири бу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида МХХ ва унинг Фарғона вилояти бошқармасига мурожаат қилди. Бироқ улар бу воқеа ҳақида ҳеч нарса билмасликларини айтиб, бошқа изоҳ беришдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG