Линклар

logo-print

Тожикистон ГЭСлар қурилиши режаси муваффақиятсизлиги учун айбни Ўзбекистонга юклаяпти

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ҳукумати мамлакат тараққиётининг асосий стратегик соҳаси сифатида гидроэнергетикани танлаган. Ҳозир Тожикистонда Вахш дарёсида 14 та, Зарафшон дарёсида эса 13 та ГЭС қурилиши режалаштирилган.

Агар бу ГЭСлар яқин 15 йил ичида фойдаланишга топширилса, мамлакат йилига 32 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 10 миллиард киловатт соат электр қувватини Марказий Осиё давлатлари, Эрон, Афғонистон, Хитой ва Покистонга сотиш имкониятига эга бўлади.

Бироқ Тожикистон расмийлари Ўзбекистоннинг Зарафшон ГЭС каскадини қуришга қаршилиги хорижий сармоядорларни чўчитаётганини иддао қилмоқда. Жумладан, Тожикистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Пўлат Муҳиддинов Ўзбекистонни Тожикистоннинг энергетика мустақиллигига эришиш режасига очиқдан-очиқ тўсқинлик қилаётганликда айблади.

“Жорий йил январида биз Хитойда бўлиб, улар билан Зарафшон ГЭСни қуриш борасида шартнома имзолаган эдик. ГЭС қурилишини зиммасига олган хитойликлар ниятларидан қайтди. Бу ерда қўшнимиз Ўзбекистоннинг қўли борлиги сезилмоқда. Улар Зарафшонда ГЭС қурилишига кескин қаршилик кўрсатяпти. Ана шунақа қўшнимиз бор”, - деди П.Муҳиддинов.

“Барқи Тожик” холдинг компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов эса энергетика вазири ўринбосари иддаоларига асос йўқлигини, хитойликлар давлатлараро имзоланган шартнома бўйича Зарафшон дарёсида ГЭС қурилиши лойиҳаси устида ишлаётганини маълум қилди.

П.Муҳиддинов хитойликлар ГЭС қурилиши борасида аниқ жавоб айтмаётганини билдираётган бир пайтда Р.Гулов музокаралар қурилишни бошлаш муддатини аниқлаштириш устида бораётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Зарафшон дарёсида қурилажак 13 та ГЭС қурилиши 2009 йилда тугалланиши керак. Бунинг учун Хитой Тожикистонга 25 йил муддатга тахминан 1 фоизлик устама билан 269 миллион доллар қарз ажратмоқчи.

Р.Гулов 537 миллион киловатт соат электр қуввати ишлаб чиқарадиган Зарафшон ГЭС бу дарё сувининг асосий истеъмолчиси бўлган Ўзбекистонга зарар етказмаслигини, аксинча Ўзбекистоннинг чегара туманлари ва Тожикистоннинг шимолий ҳудудлари арзон электр қуввати билан таъминланишини таъкидлади.

Бу келгусидаги режалар.

Аммо ҳозирчи? Қишга бориб ўтган йилги каби электр тақчиллиги такрорланмайдими?

Энергетика вазири ўринбосари П.Муҳиддинов бу саволларга жавоб берар экан: “Шу кунларда вазиримиз Шерали Гулов Туркманистонда. Ашхободда Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика вазирлари учрашуви бўляпти. Бу учрашувдан мақсад Туркманистон электр узатиш тизимини Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари тизимига улаш масаласини ҳал этишдан иборат. 2002 йилда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашган пайтда бу тизимлар узиб қўйилган эди. Агар музокаралар ижобий ҳал бўлса, биз куз ва қиш фаслида Туркманистон ҳамда Ўзбекистондан тахминан 1,5 миллиард киловатт соат электр қуввати сотиб оламиз. Қолаверса, жорий йил декабрда Сангтўда-1 ГЭСнинг биринчи агрегати ишга тушиб, йилига 500 миллион киловатт соат электр қуввати бера бошлайди. Бу корхоналаримиз ва аҳолининг эҳтиёжини тўла қондиради”, - деди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Қирғизистон Тўқтағул сув омборида етарли даражада сув йиғилмагани боис, кейинги мавсумда Тожикистонга электр қуввати сота олмаслигини расман маълум қилган.
XS
SM
MD
LG