Линклар

logo-print

Ғалаба иштиёқи ва допинг

  • Озодлик

Спорт оламидаги энг нуфузли “Тур де Франс” велопойгасида қатнашаётган қозоғистонлик машҳур велопойгачи Александр Винокуров допинг назоратидан ўта олмай, мусобақани тарк этишга мажбур бўлди.

А.Винокуровнинг қонидан тақиқланган модда топилганидан сўнг унинг етакчилигидаги “Остона” жамоаси ҳам пойгалардан четлатилди.

Қонида допинг борлиги аниқлангани А.Винокуровнинг спорт фаолиятига нуқта қўйиши мумкин.

Қозоғистон Спорт ва туризм давлат қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Абоимов юз берган воқеадан афсусда эканини билдириб, у Олимпиада ўйинлари арафасида юз бергани дард устига чипқон бўлганини таъкидлади.

В.Абоимов А.Винокуровга қўйилган айб тўла тасдиқланиши учун унинг қони яна бир марта текшириб кўрилиши кераклигини айтди.

“Қон таркибида допинг моддаси бор-йўқлигини аниқлаш учун иккинчи тест ўтказилиши шарт. Умумий қоидаларга кўра, велопойга федерацияси вице-президенти допинг синовлари холисона ўтказилишини сўраб мурожаат этиши керак. Биз ҳали допинг тести натижасини ҳам олганимиз йўқ”, - деди В.Абоимов.

“Тур де Франс” пойгаси фаворити даниялик Михаил Расмусен ҳам айни пайтда назорат остида. Чунки М.Расмусен 18 ойдан бери бирорта допинг тестда қатнашмаган.

Британиялик спорт журналисти Эндрю Чеклей спорт оламида бу каби можаролар кўпаяётгани сабабини спортчиларнинг ғалабага иштиёқи уларни ҳатто допинг истеъмол қилишга ундаётганига кўради.

“Улар шу қадар ғалаба қозонгиси келадики, агар допингни бошқалар ҳам истеъмол қилар экан, нега мен истеъмол қила олмайман, қабилида иш тутади”, - дейди журналист.

Допинг можароси фақат велопойгага хос эмас. Сўнгги йилларда футбол, бокс ва бошқа оммавий спорт турларида ҳам машҳур спортчилар допинг қабул қилгани ҳолатлари аниқланиб, улар мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG