Линклар

ОИТВга чалинган ливиялик болалар оилалари болгариялик тиббиёт ходимлари авф этилганини кескин қоралади.


Ливиялик болаларга ОИТВни қасддан юқтирганликда айбланган фаластинлик бир шифокор ва болгариялик беш ҳамшира куни-кеча Софияга келиши билан Болгария президенти томонидан авф этилган эди.

Бемор болаларнинг оилалари тарқатган баёнотда Ливия ҳукуматидан Болгария билан барча алоқаларни узиш ва бу давлат фуқароларини Ливия ҳудудидан чиқариб юбориш талаб қилинган.

Болгария бош вазири Сергей Станишев эса София Ливиянинг ташқи қарзидан воз кечиши мумкинлиги, бу маблағ Ливияда ОИТВга чалинган болалар учун ташкил этилган халқаро жамғарма ҳисобига ўтказилишини маълум қилди.

С.Станишев Болгариянинг қарийб 54 миллион долларлик қарздан воз кечиши тиббиёт ходимлари айбдорлигини тан олиш эмас, балки Ливияга кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами эканини таъкидлади.

Ливия, Франция ва ЕИ эса тиббиёт ходимларини озод этиш йўлидаги музокараларда воситачилик қилган Қатар амири Шайх Ҳамад бин Халифага миннатдорлик изҳор этди. Бу музокараларда ЕИ расмийларидан ташқари Франция президенти Николя Саркозининг турмуш ўртоғи ҳам воситачилик қилганди.

Чоршанба куни Николя Саркозининг Ливияга сафар қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG