Линклар

“Толибон” Жанубий Кореянинг гаровдаги фуқароларидан бири қатл этилганини эълон қилди.


“Толибон” вакили бу Афғонистон ҳукумати жангарилар талаблари, жумладан, ҳаракатнинг ҳибсда сақланаётган аъзоларини озод этиш талабини бажармагани оқибати эканини билдирди.

“Афғонистон ҳукумати ўтказилаётган музокараларда бизни алдашга уринди. Кеча биз уларга саккиз кишининг рўйхатини тақдим этдик, бироқ улар бизга жавоб бермади. Оқибатда бугун Ғазна вилоятида гаровда бўлган кореялик бир эркак ўлдирилди. Агар ҳукумат музокараларга киришмаса, эрта тонггача яна бир нечта кореялик ҳалок бўлади. Биз Корея ҳукумати, парламенти ва халқини яна бир бор Афғонистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирамиз”, - деди “Толибон” ҳаракати вакили “Озодлик” радиосига.

Шунингдек, чоршанба куни “Толибон” жангарилари Афғонистон шарқида германиялик журналист ва унинг таржимонини ўғирлаб, сўнг озод этди.

Хабарларга кўра, журналист ва ҳамроҳининг озод этилишига маҳаллий оқсоқоллар ўз ҳиссасини қўшган.

Аввалроқ ўғирлаб кетилган яна бир германиялик эса шу пайтгача жангарилар қўлида қолмоқда. Жангарилар унинг озод этилиши эвазига Германия қўшинлари Афғонистондан чиқарилишини талаб қилаётир.
XS
SM
MD
LG