Линклар

Демаркация тўраободликларга қимматга тушяпти

  • Барно Анвар

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг демаркация ҳудудига тўғри келиб қолган Тўраобод қишлоғидаги 194 хонадон деярли тўлиқ кўчириб юборилди. Аммо улар учун қурилаётган уйлар ҳали битгани йўқ.

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги бу қишлоқ Ўш вилояти билан чегарадаги Дўстлик чегара пости яқинида жойлашган. Демаркация ҳудудида қолгани учун кўчирилган оилаларга атаб қишлоқнинг Навбаҳор маҳалласида янги уйлар қуриляпти.

“Чегара чизиғи устидан 50 метр масофада жойлашган 194 та уй бузилди. Уларнинг ўрни текислаб қўйилди ҳам. Ҳозир чегара симлари тортиш бошланди. Бу оилаларга аталган уйлардан 50 фоизининг томи ёпилди”, - деди бу ердаги қурилиш ишларига бош-қош маҳаллий ҳокимият штаби вакили.

Маҳаллий ҳукумат вакили сўзларидан маълум бўлишича, ҳали янги уйлар қуриб битказилмай туриб, 200га яқин оила кўчириб бўлинган ва улар қўни-қўшни, ёр-биродарникида яшаб турибди. Шу боис, бу оилаларнинг кўпчилиги кўчишга қаршилик кўрсатган.

“Норози бўлганлар жуда кўп. Кўчишни истамай туриб олганларнинг уйларини тракторлар билан суришгача бориб етишибди. Одамлар норози бўлиши табиий, чунки уларга қуриб берилаётган уй нархи уларнинг бузилаётган уйи баҳосининг ярмига ҳам тенг эмас. Қурилиш моллари эса ёз ойларида ўта қимматлайди”, - дейди хўжаободлик бир фуқаро.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги чегара чизиғи устига тушган бу омадли хонадонлар кейинги беш-олти йил ичида тирикчиликнинг янги тури - чегара постидан қайтарилган юкларни ноқонуний равишда ўз уйидан олиб ўтиб бериб пул ишлаш йўлини топган, шунинг ортидан анчагина бойиган эди. Ҳозир бу одамларнинг қўшқават уйлари бузилиши билан бирга уларнинг сердаромад тирикчилик манбаи ҳам йўққа чиқяпти.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшод Тиллахўжаев сўзларига кўра, тўраободликларнинг бу тирикчилигидан чегара хизмати ва божхона ходимлари яхши хабардор бўлган, аксар ҳолларда келишилган ҳолда бунга йўл қўйиб беришган.

“Уларга уйи бузилиши ҳақида анча олдин айтилган, аммо кўпчилиги ишонмаган эди. Бу ердаги аҳоли чегарачилар билан келишиб, анча яхши пул топаётган ва қўшқават уйлар қурган эди. Айниқса, кейинги беш-олти йил ичида бу ердаги уйлар қимматлашиб, Андижон шаҳридаги ҳовли уйлар баҳосига етганди”, - дейди Д.Тиллахўжаев.

Унинг айтишича, табиийки, Андижон вилояти ҳокимлиги уларнинг қўшқават уйларини тиклаб бера олмайди, бу оилаларга бузилган ҳашаматли уйларининг ҳақи ҳам ундириб берилмайди.

Буни эса маҳаллий расмийларнинг ўзлари ҳам тан олмоқда.

“Уйлари ўртача ёки ундан ҳам пастроқ бўлган оилалар хурсанд бўлди. Аммо 50 ёки 100 миллион сўмлик уй қурганларга ҳам икки ёки уч хоналик уй қуриб беряпмиз-да. Оиласида учтагача фарзанди бўлганларга икки хонали, учтадан кўп фарзандлиларга 3 хонали уй қуряпмиз. Қолганини аҳолининг ўзи қуриб олади. Биз у ёғига аралашмаймиз. Бу эса анча муаммо бўляпти ҳозир”, - дейди Хўжаобод тумани ҳокимлиги расмийларидан бири.

Аммо, унинг қўшима қилишича, янги уйларда яшаш учун шарт-шароитлар етарли бўлади.

Туман ҳокимлиги вакилларининг таъкидлашича, “янгисини қурмай” эски уйи бузилган, ёр-биродар, ошна-оғайнисиникида яшаётган тўраободликлар учун уйлар 1 сентябргача тўлиқ фойдаланишга топилади.
XS
SM
MD
LG