Линклар

logo-print

Рейтингда Ўзбекистон анча яхши ўринда, лекин...

  • Фаррух Юсуфий

Жаҳон банки эълон қилган дунё мамлакатлари иқтисодиёти рейтингида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми жиҳатдан 89-ўринда турибди. Ҳужжатда Ўзбекистон ЯИМ 17 миллиард доллар экани айтилган.

Бирор мамлакат ёхуд минтақа иқтисодиёти одатда ЯИМга қараб баҳоланади. ЯИМ эса бир йил ичида мамлакатда ишлаб чиқилган товарлар ва кўрсатилган хизматларнинг умумий баҳосидан ташкил топади.

Жаҳон банки 2006 йил учун эълон қилган рейтинги айнан шу умумий баҳога асосланган.

Бу рейтингда АҚШ 13 триллион доллардан ошиқроқ бўлган ЯИМ билан биринчи ўринга қўйилган. Кейинги ўринлар Япония ва Германияга тегишли.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти профессори Филип Ҳэнсон ЯИМнинг доллардаги миқдори барча мамлакатлар учун энг тўғри баҳолаш кўрсаткичи эмаслигини айтади. Чунки баҳолашда давлатлардаги нарх-наво ҳар хиллиги, у ёки бу мамлакатда ЯИМнинг аҳоли жон бошига бўлингда ўртадаги фарқ харид кучи паритети инобатга олиниши зарур.

“Аслида мамлакат иқтисодини ЯИМнинг реал кучини белгилаб берувчи харид кучи паритети билан ўлчаш тўғри бўлади. Лекин ЯИМнинг харид кучи аҳоли сонига ҳам боғлиқ. Жаҳон банкининг ЯИМга оид рақамлари ҳам одатда жон бошига бўлинади. Шундагина мамлакат иқтисодий ривожининг асл кўринишига яқинроқ манзарани чизиш мумкин”, - дейди профессор.

Рейтингда 183 мамлакат кўрсатилган ва 89-ўрин Ўзбекистон учун унчалик ёмон кўрсаткич эмасдек. Лекин Ўзбекистон аҳоли сони жиҳатдан анча катталиги ва профессор айтганидек, ЯИМ кучи аҳоли жон бошига бўлиниб белгиланиши инобатга олинса, Ўзбекистон рейтингда анча пастга, 153-ўринга тушиб кетади.

Масалан, аҳолиси қарийб икки баробар кам бўлган қўшни Қозоғистонда ЯИМ 77 миллиард доллардан кўпроқ ва у рейтингда 55-ўринга қўйилган. Бу эса нарх-наволардаги фарқ унчалик катта бўлмаган Ўзбекистон ва Қозоғистон аҳолиси турмуши фаровонлиги ҳақида муайян манзарани чизиб беради.

“Менимча, бу рақамлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий тараққиёт ва халқ фаровонлиги борасида жиддий тафовут юзага келганини кўрсатади. Совет даврида иқтисодий ривожланиш бўйича Ўзбекистон Қозоғистондан унчалик фарқ қилмаганини эсласак, иттифоқ тарқагандан бери Қозоғистон ривожланиш жиҳатдан минтақадаги энг муваффақиятли давлат эканини айтиш мумкин. Қозоғистон иқтисоди тез ривожланиб борди ва умуман олганда, МДҲ ҳудудида иқтисодиёт борасида Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди”, - дейди профессор Филип Ҳэнсон.

Жаҳон банки рейтингида Туркманистон 104, Тожикистон 142 ва Қирғизистон эса 143-ўринда турибди.

Лекин ЯИМ жон бошига тақсимланганда, Туркманистон 75 ва Қирғизистон 150-ўринни эгаллаб, Ўзбекистондан ўзиб кетади.
XS
SM
MD
LG