Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

Мастлик ўзбек мардикорларини жиноятга етакламоқда


Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўзаро жанжал вақтида наманганлик 42 ёшли мардикор ўзининг 50 ёшли ҳамюртини тош билан уриб ўлдириб қўйди.

Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот хизмати бошлиғи Салтанат Қоракўзованинг “Озодлик”ка айтишича, қотиллик Чимкентнинг Бўзариқ маҳалласидаги қурилиши битмаган уйларнинг бирида юз берган. Тергов жараёнида наманганлик мардикорлар ароқ ичгани, кейин ўзаро келишмовчилик чиқиб, мастлик устида бири иккинчисини уриб ўлдиргани аниқланган.

Маълум бўлишича, наманганлик эркаклар Чимкентда бир йилдан буён мардикорлик қилиб келган.

Наманганлик 42 ёшли мардикорга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг “одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда худди шу модда билан яна бир ўзбек мардикори айбланмоқда.

Чимкент шаҳрининг Енбикши тумани ички ишлар бўлими терговчиси Ермек Шулдиннинг билдиришича, хоразмлик 37 ёшли мардикор Жанубий Қозоғистон вилоятининг Тулибий туманилик 40 ёшли фуқарони ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган.

Чимкент шаҳридаги қурилишлардан бирида кран ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган хоразмлик мардикор янги танишган бир аёлни бегона эркаклардан рашк қилиб қотиллик содир этган. У янги танишига тегажоғлиқ қилган эркакни маст ҳолатда тош билан уриб ўлдирган.

Кўриниб турибдики, ўзбек мардикорлари ҳар икки ҳолатда ҳам қотиллик қуроли сифатида тошдан фойдаланган. Яна бир ўхшашлик, ҳар икки жиноят мастлик туфайли содир этилган.

Салтанат Қоракўзова ўзбек мардикорлари орасида спиртли ичимлик ичгач жиноятга қўл уриш ҳолатлари тез-тез учраб туришини билдирди.
XS
SM
MD
LG