Линклар

Шифокорлар чимкентлик ҳамкасбларини ҳимоя қилмоқда


Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими вакиллари Чимкентда болаларга оммавий равишда ОИТВ юқиши ҳолати бўйича жиноий жавобгарликка тортилган ҳамкасблари ҳимоясига баёнот қабул қилди.

“Биз Жанубий Қозоғистонда болаларга ОИТВ юқтирилиши воқеаси юзасидан ўтказилган суд қароридан норозимиз, унинг адолатли ва ҳаққоний ўтишини ҳамда бу иш халқаро экспертлар ҳукмига ҳавола этилишини талаб қиляпмиз”, - дейилади шифокорлар баёнотида.

Чимкент вилоятидаги шифохоналардан бирининг онколог шифокори Любовь Зарипова Жанубий Қозоғистон суди ҳукмидан норозилардан бири.

“Биз (яъни шифокорлар) уларни ОИТВ билан зарарламадик. Агар ёш болалар ва оналарни айнан шифокорлар зарарлагани фактлар асосида исботлаб берилганда эди, биз ўз айбимизга иқрор бўлардик. Аммо ҳозирги кунга қадар ОИТВ манбаси аниқлангани йўқ. Нега айбсиз шифокорлар емаган сомсага пул тўлагани бизга тушунарсиз. Жавобгарликка тортилган шифокорлар 4-5 кунлаб ухламай, бемор болалар ҳаёти учун курашган эди. Уларнинг ҳам озодликда қолган ёш болалари бор. Аммо шартли равишда озодликдан маҳрум этилган вилоят соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг пора олиши, ишга лоқайд ёндашуви, тиббиёт муассасаларига ажратилган маблағларни ўзлаштириб келгани каби фактлар инобатга олингани йўқ”, - дейди Л.Зарипова.

Чимкент шаҳри эркин касаба уюшмалари конфедерацияси раиси Лариса Харькова болаларнинг ОИТВ билан оммавий касалланишига тиббиёт муассасаларининг етарли даражада молиялаштирилмаслиги сабаб бўлган, деб ҳисоблайди.

“Биз “Барчаси келажагимиз бўлган болалар учун” шиорини кўп айтамиз, аммо Жанубий Қозоғистон болалари, айниқса, улар даволанаётган жойларни кўрсангиз, бунинг аксига гувоҳ бўласиз. Шу сабабли энг нозик қатлам бўлган болалар вилоят соғлиқни сақлаш тизимига етарли маблағ ажратилмаганидан азият чекмоқда”, - деди Л.Харькова.

Чимкентдаги 2-болалар шифохонаси реанимация бўлими раҳбари Шакен Олписбоев ҳозир Қозоғистон ҳукумати ОИТВ оммавий юқтирилиши олдини олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида жар солаётган бўлса-да, аслида иш эски биноларни қайта таъмирлашдан нарига ўтмаётганини таъкидлади.

Қозоғистон ҳукумати, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларнинг Чимкентдаги воқеа юзасидан қайта тергов ўтказилиб, бу муаммога халқаро ва мустақил кузатувчиларни жалб этиш талабига ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Жанубий Қозоғистонда юздан ортиқ бола ва бир неча онага ОИТВ юққани 2006 йил ёзида аниқланган эди. Бу иш юзасидан 21 шифокор судга тортилди. Шу йилнинг 27 июнь куни эълон қилинган суд ҳукмига кўра, вилоят соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларидан 4 шартли жазо тайинланди. Қолган шифокорларга эса 5 йилдан 8 йилгача муддатга қамоқ жазоси белгиланди.

Ҳозир жанубий қозоғистонлик 118 гўдак ва 14 онада ОИТВ аниқланган. Бемор болалардан 9 таси аллақачон вафот этган, бири эса хорижий фуқаро томонидан боқиб олинган.
XS
SM
MD
LG