Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик мардикор аёлни отган қозоқ аскари 16 йилга қамалди


Жорий йилнинг апрель ойида ўзбек-қозоқ чегарасида мастлик ҳолатида Ўзбекистон фуқаросини отиб ўлдирган қозоғистонлик аскар 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Чимкент гарнизони ҳарбий суди наманганлик 36 ёшли Муҳаббат Сойибназаровани отиб ўлдирган 20 ёшли Жондас Байменовга нисбатан шундай ҳукм чиқарди.

Бу воқеа 16 апрель куни ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Қопқоқ” пости ҳудудида, Сариоғоч ҳарбий қисмида содир бўлган эди.

Ҳарбий прокурор Ғалимжон Маханбоев сўзларига кўра, ўша куни хизмат вазифасини ўтаётган Ж.Байменов тунги навбатчилик вақтида икки шиша ароқни бир ўзи ичган. Кейин унга танбеҳ берган хизматдошларига қарата автоматдан ўқ уза бошлаган. Аскарлар яширинишга муваффақ бўлган, лекин дайди ўқ ҳарбий қисм яқинида яшайдиган наманганлик М.Сойибназаровага келиб теккан. Ўқ отила бошлагач, унинг эри Ҳусан Сойибназаров икки боласини ўқдан ҳимоя қилиб, Ўзбекистон томонга қочириб юборишга улгурган. Аммо болаларига егулик ҳозирлаётган она бошига теккан ўқдан ўша заҳоти ҳалок бўлган.

Сойибназаровлар оиласи тирикчилик учун ҳар йили Қозоғистонга келиб мардикорлик қилган. Чегара яқинидаги уйда ижарада яшашган.

Маълум бўлишича, Ҳусан Сойибназаров хотинининг қотили бўлган қозоқ аскарини кечириш ниятида. Бироқ у хотинининг ўлими туфайли кўрган моддий ва маънавий зарар қопланишини хоҳлаяпти.
XS
SM
MD
LG