Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:30

Роҳат Алиев ҳали “ўйин”дан чиқмаганини кўрсатишга уриняпти


Қозоғистон президентининг собиқ куёви, мамлакатнинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиев ЕХҲТга йўллаган баёнотида Қозоғистон ҳукумати юритаётган диктаторлик сиёсатига эътибор қаратишни сўради.

Баёнотда у бу масала ечимида ўзининг иштироки ҳам таъминланишини сўраган.

“Мен доимо Қозоғистоннинг демократик йўлни танлаши, Европа сари интилаётган давлат номига эга бўлиши учун курашиб келганман. Аммо ҳукуматпарастлардан ўзгача фикрлашим мени Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий рақибига айлантирди”, - дейилади Р.Алиевнинг баёнотида.

Ўз юртида одам ўғирлаш ва қотиллик, иқтисодий жиноятларда айбланаётган Р.Алиевнинг Венада туриб эълон қилган навбатдаги бу баёноти юзасидан қозоғистонлик таҳлилчилар турлича муносабат билдирмоқда.

Таниқли сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Р.Алиевнинг бу каби баёнотлари Қозоғистонда жиддий қабул қилмаслигини билдираётган таҳлилчилардан биридир.

“Қозоғистон мухолифатига кучли босим ўтказилишида айнан Роҳат Алиевнинг иштироки катта бўлгани маълум. Унинг 2001 йилги хатти-ҳаракатлари Қозоғистон элитасининг демократик мухолифат сафига ўтиб кетишига сабаб бўлган эди. Шу сабабли Қозоғистонда унинг баёнотлари жиддий қабул қилинмайди”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиддий жиноятларда айбланаётган бу шахснинг Австриядан экстрадиция қилинишига эриша олмаётгани сабабларига тўхталган Д.Сатпаев бундан кимдир манфаат бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Р.Алиев қўлида ҳукумат вакиллари, жумладан, Н.Назарбоевни обрўсизлантирадиган маълумотлар бор. Шу сабабли президентдан тортиб, то ҳуқуқ-тартибот идораларигача унга қаттиқ босим ўтказишдан хавфсираб турибди. Қолаверса, Р.Алиевнинг ташқарида экани унга халқаро жамоатчиликда Қозоғистон ва унинг раҳбари ҳақида муайян таассурот яратиш имконини беради. Сўнгги баёнотни эса мен унинг халқаро жамоатчилик фикрини ўз тарафига оғдиришга уриниши сифатида баҳолайман. Ноябрь ойи охирида Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиши масаласи кўриб чиқилиши керак. Р.Алиев эса ўйиндан чиқиб кетмаганини эслатмоқчи бўляпти”, - деди сиёсатшунос.

Мухолифатчи Амиржон Қосанов эса Р.Алиевнинг Қозоғистондан ташқарида экани Н.Назарбоев ва унинг атрофидагиларга катта зиён келтириши мумкинлигини таъкидлади.

“Сўнгги баёнотига қараганда, Р.Алиевнинг аҳволи у қадар ёмон эмас. Аммо Н.Назарбоев собиқ куёвини ташқарига чиқариб юбориб, аввало, ўзи ва атрофидагиларга зиён қилди. Ҳозир Қозоғистоннинг ички муаммолари халқаро ҳамжамиятга ошкор бўляпти. Агар Р.Алиевнинг айби халқаро миқёсда исботланиб, у Қозоғистонга қайтарилмаса, Н.Назарбоевнинг ўзи вақти келиб содир этилган жиноятларга куёвининг ўрнига жавоб беришига тўғри келади”, - деди А.Қосанов.
XS
SM
MD
LG