Линклар

logo-print

Тожикистонда коррупция турмуш тарзига айланган

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги ходимлари томонидан сўнгги бир ярим ой давомида коррупция хусусиятига эга 87 та жиноят фош этилди.

Бироқ айбланганлар орасида бирорта юқори мартабали давлат амалдори йўқ. Пора олиш билан боғлиқ жинояти фош этилган 17 шахснинг барчаси қуйи бўғин амалдорлари. Улардан 14 нафари ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идоралари ходимлари, олий ўқув юртлари ўқитувчиларидир.

Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Шерхон Салимов йирик коррупционерлар жиноятини фош этиш ва жавобгарликда тортиш осон иш эмаслигини таъкидлади.

“Чунки бу шахслар қўлида ҳокимият бор. Улар пул эвазига мансаб олиш ва мансаб сотиш имкониятига эга. Бу, ўз навбатида, агентлигимиз фаолиятида шаффофликни таъминлашга йўл бермайди. Коррупция ҳокимият тизимларига шу қадар сингиб кетганки, у турмуш тарзига айланиб қолган”, - деди Ш.Салимов.

БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотларнинг 2006 йилги тадқиқотлари натижаларига кўра, Тожикистон дунёнинг энг коррупциялашган давлатлари қаторида туради.

Бироқ Ш.Салимов бу хулосаларни асоссиз ҳисоблашини билдирди ва айни пайтда агентликнинг ўзи ҳам Тожикистонда коррупция даражасини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказаётганини маълум қилди.

Мустақил кузатувчилар эса чексиз имтиёз ва ҳуқуқлар берилган бу янги агентлик ана шундай майда-чуйда тадқиқотлар билан банд бўлиб қолаётгани, чунки идора ходимларининг кучи катта ишларга етмаслигини айтмоқда.

Мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов сўзларига кўра, Тожикистон фуқароларига ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий муаммолар яратаётган, қолаверса, мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солаётган коррупциянинг батамом барҳам топиши ёки сал бўлса-да, камайишига ишонч йўқ.

“Фикримча, агентлик ходимлари сиёсий иродаси сустлиги боис ҳам ўз зиммасидаги вазифани виждонан бажара олмайди. Бу масъулиятсиз шахслар касофати 7 миллионлик Тожикистон халқининг ривожига тўсиқ бўляпти”, - деди А.Мамадазимов.
XS
SM
MD
LG