Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:33

Ўзбек-туркман муносабатларини яхшилаш йўлидаги илк қадамлар


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Ашхободда бўлиб, Туркманистон раҳбарияти билан ўтказган музокаралари икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши сари муҳим қадам бўлиши мумкин.

Марҳум президент Сапармурод Ниëзов даврида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги алоқаларни рисоладагидек, деб бўлмас эди. Ҳатто Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг у билан Бухородаги учрашуви ҳам ўзаро муносабатларга илиқлик кирита олмаганди.

Туркманбоши тўсатдан юрак хуружидан вафот этиб, ўрнига Қурбонқули Бердимуҳаммедов келганининг дастлабки ойларида ҳам Ўзбекистон сиёсатининг туркман йўналишида бирор силжиш кузатилмаганди.

Бироқ янги президентнинг мамлакатни изоляциядан чиқаришга қаратилган дастлабки ҳаракатлари Ўзбекистон нигоҳидан четда қолмагани табиийдир. Айниқса, Қ.Бердимуҳаммедовнинг Туркманистон-Хитой газ қувури лойиҳаси борасидаги анча изчил сиёсати Ўзбекистонни жанубий қўшниси билан яқинлашишга ундаётган кўринади. Зеро, В.Норовнинг Ашхободдаги музокаралари асосий мавзуларидан бири Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтадиган ана шу газ қувури лойиҳаси бўлгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, туркман телевидениесига интервью берган В.Норов Ашхобод расмийлари билан энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳасида келишувлар имзоланганини билдирди.

“Сафаримизнинг асосий мақсади президентимиз Ислом Каримовнинг Туркманистонга октябрь ойида қиладиган расмий ташрифи билан боғлиқ. Ашхободдаги музокараларда сиëсий, савдо-иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида тўхталдик. 2008-2015 йиллардаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома лойиҳасини муҳокама қилдик”, - деди В.Норов.

Туркманистон Марказий банки собиқ раиси Худойберди Ўрозов бугунги кунда Қ.Бердимуҳаммедов ўзини ҳақиқий президент сифатида ҳис этиши учун, аввало, қўшни давлатларнинг эътирофини қозониши кераклигини таъкидлайди.

“Ниëзов ўз вақтида ҳамма билан алоқаларни бузди. Бугунги ҳаëт Туркманистон ва унинг халқи ўтмишда узилган алоқаларни қайта тиклашдан манфаатдор эканини кўрсатди. Бу эса ҳаëтий муҳим масала. Умид қиламанки, икки мамлакат алоқалари илгаридек субъектив сабаблар туфайли чекланиб қолмайди”, - деди Х.Ўрозов.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон билан Туркманистон алоқалари қанчалик илиқлашувини давр кўрсатишини айтади.

“Чунки икки давлат ўртасидаги муаммолар шунчалик долзарбки, масалан, виза тартиби, чегара, Амударë сувидан фойдаланиш каби муаммолар мавжуд. Бу муаммолар ҳал этилишига фақат умид қилиш мумкин. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ҳам интеграцияга муқобил йўқлигини, интеграциялашув жараëнини Қозоғистон ва Россиясиз ўтказиш имконсиз эканини тушунди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон ҳукумати Туркманистон билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилса керак ”, - дейди К.Раббимов.

В.Норов бошчилигидаги делегациянинг Ашхободга ташрифи бу ерда янги президент сайлангандан буён юқори мартабали ўзбек делегациясининг мазкур мамлакатга илк сафаридир.
XS
SM
MD
LG