Линклар

logo-print

Ўзбек ва туркман гази Хитойга томон оқиши мумкин

  • Фаррух Юсуфий

http://gdb.rferl.org/4EDD245A-B6DC-416A-9DFA-D8F6D2784004_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/4EDD245A-B6DC-416A-9DFA-D8F6D2784004_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ашхободда ўтган учрашувларда президент Ислом Каримов Туркманистон-Хитой газ қувури қурилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Газ қувури лойиҳаси муҳокамаси В.Норовнинг 25-26 июль кунлари Ашхободга қилган сафари кун тартибидаги асосий масалалардан бири эди.

Шунингдек, у президент И.Каримовнинг октябрь ойида Туркманистонга режалаштирилган сафари олдидан ташкилий масалаларни ҳам муҳокама этди.

И.Каримовнинг Ашхободга ташрифидан томонлар ўзбек-туркман муносабатлари яхшиланиши билан бирга энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг кучайишига ҳам умид боғламоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон экспорт қиладиган газнинг асосий қисми собиқ иттифоқ даврида ётқизилган қувурлар орқали Россияга оқади. Мустақиллик йилларида эса маблағ ҳам, сиёсий ирода ҳам бўлмагани сабабли янги йўналишларда газ қувурлари деярли қурилмади.

Шу йилнинг майида Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон имзолаган янги келишув ҳам Москванинг Марказий Осиё табиий бойликларига асосий харидор бўлиб қолишини кўзда тутади.

“Бу келишув билан томонлар нафақат Марказий Осиёдан Россияга элтувчи газ қувурини такомиллаштириш ва Каспийбўйидан ўтадиган янги қувур лойиҳаси борасидаги ниятлари, балки таъбир жоиз бўлса, ўзига хос газ экспорт қилувчи давлатлар картели, яъни бирлашмасини тузиш ҳақидаги мақсадлари борлигини ҳам намойиш қилди. Шу маънода, Россия ҳозирча минтақада газ монополисти мақомини сақлаб қолишга қаратилган бу курашнинг биринчи раундида ғалабага эришди”, - дейди Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин.

Бироқ май келишуви имзолангандан бери Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари ўз газини фақатгина Россияга сотиш ғоясини унчалик хуш кўрмаслигини намойиш этиб келмоқда.

Россиянинг “Газпром” давлат монополисти Ўзбекистоннинг Устюрт конларидан қазиб олинадиган бир триллион куб метр газни тақсимлаб олиш бўйича келишувга эришиш учун бир неча ойдан буён уриниб ётибди. Лекин томонлар ўртасида қатор келишмовчиликлар юзага келгани боис, келишув ҳамон имзолангани йўқ.

Шу йилнинг апрелида Тошкент билан Пекин Марказий Осиёдан Хитойгача етиб борадиган газ қувури лойиҳаси бўйича келишиб олганди. Бу лойиҳада Туркманистоннинг иштирок этиши ҳам маълум. Икки ҳафта аввал президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов Хитойга давлат ташрифи билан бориб, бу иштирокни янада мустаҳкамлаб қайтди. Энди эса Ўзбекистон ўз газини фақат Россияга эмас, бошқа йўналишларга ҳам экспорт қилиш ниятида эканини, ҳатто қўшниси Туркманистоннинг бундай ниятларини ҳам тўла қўллаб-қувватлашини очиқдан-очиқ айтмоқда.

Буюк Британиянинг Бирмингем университети ва Халқаро муносабатлар қироллик институти профессори, Россия иқтисоди бўйича мутахассис Филип Ҳансен бу жараёнлар Тошкент билан Ашхободнинг ўз гази учун Россиядан ҳам кўра мақбулроқ бозорлар борлигини тушуниб етганидан далолат беришини айтади.

“Албатта, бу минтақа табиий бойликларига якка эгалик қилмоқчи бўлган Россияга ёқмаслиги мумкин, лекин бу нормал жараён. Россия яқин келажакда Туркманистон газининг каттагина қисмига ягона харидор бўлиш имконини қўлга киритишга зўр бериб ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Руслар Марказий Осиёнинг бошқа газ ишлаб чиқарувчи мамлакатлари устидан ҳам ана шундай назорат ўрнатишни хоҳлайди, албатта. Бу мамлакатлар Москва билан олди-сотдида, шубҳасиз, такаллуф қилади. Лекин Туркманистондаги нисбатан нимжон режимдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ёки Қозоғистон ўз табиий бойликлари учун муқобил харидорларни топиш нияти борлигини очиқ намойиш эта олиши мумкин”, - дейди профессор.

Бугунги кунда Ўзбекистон 13 миллиард куб метр газни ташқарига сотади, бунинг 9 миллиард куб метри Россияга ҳар бир минг метри учун 100 АҚШ долларидан сотилади. Россия Марказий Осиёдан 100 долларга олинган газни Европага уч баробар қимматига сотади.

Россия газ ва ёқилғи ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси Юрий Шафраник “Бизнесуик” журналига ўзбек гази учун тўланаётган 100 доллар керагидан ортиқ, деган фикрларни айтган эди.

“Хитой йўналиши ёки бошқа газ қувурларини қуриш ҳақидаги гаплар сиёсий сафсатадан бошқа нарса эмас, чунки бундай қувурларни қуриш жуда қиммат ва яқин келажакда бунинг имкони бўлмайди”, - деган эди Ю.Шафраник бундан икки ой аввалги интервьюсида.

Профессор Филип Ҳансен ҳам ўзбек ёки туркман гази учун янги йўналишлар пайдо бўлиши яқин келажакнинг масаласи эмаслигини эътироф этади. Лекин, унинг фикрича, Россия билан икки томонлама олди-сотди муносабатларида Ўзбекистон ҳукуматида босим ўтказиш воситалари бор, лекин бу воситалар қанчалик самара бериши Тошкентнинг улардан қанчалик оқилона фойдалана олишига боғлиқ.

“Ўзбекистон ўтган йили Россияга сотиладиган газнинг нархини бироз бўлса-да, кўтаришга муваффақ бўлди. Шунингдек, “Газпром”нинг ҳам ўзига яраша заиф томонлари бор ва буни ўзбеклар яхши билади. “Газпром” Марказий Осиё газига жуда муҳтож, у Европа олдидаги мажбуриятларидан ташқари россиялик истеъмолчиларга ҳам газ етказиб бериши керак. Бу эса, менимча, Ўзбекистон учун савдолашишга қўшимча имкониятларни беради”, - деди Филип Ҳансен.
XS
SM
MD
LG