Линклар

Толиблар талаблари бажарилиши учун янги муддат белгилади


Аваз Алиев “Толибон” ҳаракати Жанубий Кореянинг гаровда ушлаб турилган 22 фуқароси, жумладан, 16 аёлнинг озод этилиши учун илгари сурган талаблари бажарилиши учун янги муддат белгилади.

Хабарларга кўра, жангарилар қамоқда сақланаётган 8 толиб қўйиб юборилмаса, гаровдагилар қатл этилишини билдирган.

Афғонистон расмийларини вақтни чўзаётганликда ва талабларни бажаришни истамаётганликда айблаган “Толибон” жангарилари бироз аввал гаровдагилар бўйича музокараларни давом эттиришдан бош тортган эди.

Аммо Афғонистон расмийлари 19 июль куни Қандаҳор-Кобул йўлида ўғирланган корейсларни озод этиш йўлидаги музокаралар самара беришига умид қилаётир.

“Биз маҳаллий қавмлар етакчилари ва оқсоқолларини жангарилар билан музокаралар ўтказишга юбордик. Диний етакчиларимиз ва сиёсатчилар ёрдамида гаровдагилар атрофидаги муаммо ҳал этилишига умид қилмоқдамиз”, - деди Афғонистон расмийси “Озодлик” радиосига.

Шунга қарамай, гаровдагилар тақдири борасида ташвишлар ортиб боряпти. Жангарилар уларни бир неча гуруҳларга бўлиб, турли жойларда сақлаётгани хабар қилинмоқда.

Ўтган ҳафтада дастлабки талаблари Афғонистон ҳукумати томонидан бажарилмагандан сўнг жангарилар кореяликлар гуруҳи етакчисини қатл этган эди.


Якшанба куни Жанубий Корея ҳукумати махсус вакили Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашиб, гаровда қолаётган корейслар тақдири муҳокама этди.

Ушбу учрашувда Ҳомид Карзай жангарилар ҳаракатларини қоралаб, жумладан, аёл кишини ўғирлаш ислом динига зид эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG