Линклар

Душанбеда имомларни шаҳар маъмурлари аттестация қилади

  • Гулнора Равшан

Душанбе шаҳри маъмурияти диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солмоқчи. Шу мақсадда 25 августга қадар пойтахтдаги барча масжидлар шаҳар ҳукумати ҳамда Тожикистон дин уламолари кенгаши текширувидан ўтказилади.

Душанбе шаҳри ҳукуматининг дин ишлари бўлими бошлиғи Шамсиддин Нуриддинов пойтахтдаги масжидлар фаолиятини текшириш ва имом хатибларни аттестациядан ўтказиш дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги амалдаги қонунчилик талаби асосида амалга оширилишини билдирди.

“Имом хатибларни аттестация қилиш шаҳар ҳукумати вазифасига кирмаса-да, Тожикистон дин уламолари кенгаши таклифига кўра, маъмурият вакиллари ҳам аттестацияда қатнашади”, - деди Ш.Нуриддинов.

Бироқ у аттестация масаласи нега Дин уламолари кенгаши умумий йиғилишида эмас, балки Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев ўтказган йиғилишда муҳокама этилганига оид саволни жавобсиз қолдирди.

Дин уламолари кенгаши фатво бўлими бошлиғи Қобилжон Бобоев ҳам бу саволга жавоб йўқлигини айтар экан, мамлакат масжидларида саводсиз имомлар сони керагидан ортиқлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, уларнинг билим савиясини текшириб туриш қонунга хилоф иш эмас.

“Пойтахтдаги 300дан ортиқ жамоат жойидан масжид сифатида фойданилмоқда ва улар ҳам ўз имом хатибларига эга. Шуни эътиборга олиб, Душанбе шаҳри ҳокими қарори асосида бу жамоат жойлари ҳам шаҳар ҳукумати махсус комиссияси ва Дин уламолари кенгаши вакиллари томонидан текширилади”, - деди Қ.Бобоев.

Унинг таъкидлашича, аттестациядан ўтмаган ёки ўта олмаган уламолар масжидларда имомлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Душанбедаги “Сариосиё” масжиди имом хатиби бу аттестацияни қабул қилмаслигини, чунки унда ошна-оғайнигарчиликка зўр берилишини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда Тожикистон ҳукумати идоралари фуқаролар диний эркинлигини чеклаб қўяётгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Ўтган ҳафта сўнггида бир кунда иккита масжид техника ёрдамида текислатиб ташлангани, бундан илгари азон айтишда овоз кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиш тақиқлангани, олий ўқув юртларига ҳижобда келиш чеклангани диний эркинлар поймол этилаётгани далолатидир”, - деди имом хатиб.

Мустақил кузатувчилар эса уламолар обрўсини сақлаш мақсадида уларни аттестациядан ўтказиш зарурлигини таъкидламоқда.

“Аммо уламоларни ижроия ҳокимиятлари эмас, балки Тожикистон Фанлар академиясининг Тарих, Фалсафа, Шарқшунослик институтлари вакиллари аттестациядан ўтказиши зарур. Тожикистондаги уламолардан кўпчилигининг билими жуда заиф. Уларнинг кўпчилиги ислом дини тарихи, шариат тарихи борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмас”, - дейди мустақил кузатувчи Исмоил Раҳматов.

Унинг фикрича, фақат ижроия ҳокимиятлари ва Дин уламолари кенгаши вакиллари томонидан ўтказилган синовлар ўз қариндош-уруғи ва ошна-оғайнисини бир мансабга жойлаш билан якунланади, холос.
XS
SM
MD
LG