Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Қозоқ мухолифати ҳукуматни кучли цензурада айбламоқда


Қозоғистоннинг мухолифатдаги Социал демократик партияси сайловолди кампанияси даврида мамлакат оммавий ахборот воситаларида цензурага йўл қўйилаётгани юзасидан Бош прокуратурага шикоят қилди.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, сайловолди кампанияси давомида ҳар бир сиёсий партия Марказий сайлов комиссияси ҳисобидан “Казахстанская правда” газетасида битта тарғибот материали чиқариш ҳуқуқига эга.

Социал демократик партия ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланиб ўз етакчиси Жармахон Туёқбойнинг мақоласини шу газетада чиқармоқчи эди. Аввалига бунга кўнмаган газета раҳбарияти мухолифатнинг Бош прокуратура ва МСКга мурожаатидан кейин мақолани жиддий ўзгаришлар билан чоп этган.

Мухолифатчи Айдос Саримов сўзларига кўра, бу мамлакатда оммавий ахборот воситаларида цензурага йўл қўйилмаслиги ҳақидаги ҳуқуқий ҳужжатларга зиддир.

Бундан бир неча кун аввал Қозоғистондаги энг йирик “Хабар” телеканали ҳам мухолифатнинг сайловолди тарғибот роликларини намойиш этишдан бош тортган эди.

“Сайловолди кампанияси вақтида ҳукумат, шунингдек, МСКнинг давлатга қарашли ОАВни назорат қилиши ва уларни мухолифатга қарши қўйиши цензура ва дискриминация сиёсати юритилаётганини кўрсатмоқда. Бу эса конституция талабларига мутлақо зид”, - дейди А.Саримов.

“Журналистлар хавф остида” халқаро жамғармаси раҳбари Розлана Таукина Қозоғистонда цензура доимо бўлганини таъкидлайди.

Унинг айтишича, аввалги сайловолди кампаниялари вақтида мухолифат давлат ОАВга умуман яқинлаштирилмагани цензура мавжудлигини унчалик сездирмаган.

“Бу сафарги сайловолди кампанияси вақтида мухолифат, шунингдек, ҳар бир расмий сиёсий партияга давлат ОАВда биргина тарғибот материали чоп этиш имкони берилгани Қозоғистонда чиндан ҳам цензура борлигини яққол кўрсатмоқда. “Хабар” ва “Казахстанская правда” акцияларининг асосий қисми ҳукуматга тегишли. Уларда цензура доимо бўлган. Аниқ айта оламанки, Қозоғистонда цензура 1993 йилдан бери амалда. Қозоғистонда демократия мавжуд, ОАВда эса сўз эркинлиги бор каби гаплар фақатгина ҳукуматнинг кўзбўямачилиги”, - деди Розлана Таукина.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда 3 мингга яқин нашр бўлишига қарамай, мухолифат материалларини чоп этиши мумкин бўлган мустақил нашрлар сони бор-йўғи ўнтадир. Қолаверса, мухолифат нашрлари мамлакатнинг барча ҳудудларига тарқатилмайди. Буни ҳам ҳукумат ўз назоратида ушлаб турибди.

Р.Таукина Қозоғистон ҳукуматининг кучли назорати ва босими маҳаллий ОАВдаги вазиятни қўшни Ўзбекистон ва Туркманистондаги каби аҳволга солиб қўйишидан хавотир билдирди.
XS
SM
MD
LG