Линклар

Юсуф Жума ўғлини озод қилиш учун пикет ўтказди

  • Садриддин Ашур

Бухоролик мухолифатчи шоир Юсуф Жума ўз оиласи билан ўғли Машрабнинг қамоққа олинишига норозилик сифатида Қоракўл тумани ички ишлар бўлими биносини пикет қилди.

30 июль кунги пикет бир соат давом этмасдан тўхтади. Ўзбекистон Бош прокуратурасидан келган махсус комиссия вакили пикетчилар олдига чиқиб, улар норозилик билдираётган масала шу ҳафта охиригача ҳал этилишини айтиб, пикетни тўхтатишни сўраганидан кейин Юсуф Жума оиласи норозилик йиғинини вақтинча тўхтатди.

Юсуф Жуманинг “Озодлик” радиосига айтишича, ИИБ ходимлари ногирон ўғли Машрабни қўй ўғирлашда гумон қилиб қамоқда сақламоқда. Аммо у қўйни ўғирламаган, балки берган қарзи эвазига эгасининг розилиги билан олган.

“Қарздор йигит фақат ўғлимдан эмас, бошқалардан ҳам қарздор. Кимгадир қарзини сигир, кимгадир қўй бериб узган. Қоракўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Таваккал Халилов раҳбарлигида бир гуруҳ милиция ходимлари келиб, ўша қарз берган йигитни мажбурлаб, “қўйимни ўғирлаб кетди”, мазмунида даъво аризаси ёздириб олган”, - дейди шоир.

Юсуф Жуманинг айтишича, даъво аризаси мажбурлаб ёздириб олинганига даъвогарларнинг ўзлари ҳам иқрор бўлган.

“Биз уларнинг иқрорини видеокассеталарга ёзиб олиб, прокуратурага, ички ишлар бўлимига тақдим этдик. Ўша ерда улар милиция ходимлари уларни қандай қўрқитгани ҳақида ўз оғзи билан батафсил гапириб берган. Бутун қишлоқ, маҳалла қариялари бу ишлардан ҳайрон”, - деди Юсуф Жума.

Юсуф Жуманинг таъкидлашича, бу ўйинларнинг тагида тўғри сўз айтгани учун уни ва оиласини қандай қилиб бўлмасин ёмонотлиқ қилиш ётибди.

“Бор ҳақиқатни қўрқмасдан айтаётган одамман. Ҳақсизликларга қарши шеърларимда ҳам ошкора курашяпман. МХХ ва ИИБ ходимлари томонидан одамлар ўлдирилгани ҳақида гапиряпман. Давлат айбдор бўлса, давлат деб, Каримов айбдор бўлса, Каримов деб айтяпман. Шунинг учун улар ўғлимни гаровга олиб, овозимни ўчириш учун энг қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаяпти”, - дейди шоир.

Юсуф Жуманинг сўзларига кўра, оиласи билан деҳқон хўжалигида ишлайди. Енгил машиналари, тракторлари бор. Ҳалол топган пулига уйлар қурган. Ҳар йили пахта режасини мамлакатда биринчилардан бўлиб бажаради. Ҳеч кимга муҳтожлиги йўқ. Бу шароитда унинг ўғлини қўй ўғирлашда айблаш мантиқсиздир.

Айни пайтда унинг ногирон ўғли Машраб Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг вақтинча ҳибсда сақлаш изоляторида ўтирибди.

“Озодлик” мухбирининг Қоракўл тумани ИИБ вакилларидан муносабат олишга уринишлари натижа бермади.
XS
SM
MD
LG