Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:35

Қотил майор наркотикфуруш ҳам бўлган


Тожикистон Олий суди бирданига учта қотиллик содир этган милиция майори Наримон Абдураҳмоновни бир умрга озодликдан маҳрум этди. Тергов жараёнида унинг йирик наркотикфуруш экани ҳам маълум бўлди.

Тожикистон Олий суди судъяси, мазкур жиноят иши юзасидан суд жараёнига раислик қилган Нур Нуровнинг сўзларига кўра, Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув бўлимида ишлаган Н.Абдураҳмонов 2002 йилда нафақага чиққан. Бироқ нафақа пулига оиласини таъминлай олмагани боис, у собиқ ҳамкасби Исроил Содиқовнинг қорадори савдосига оид таклифини қабул қилган. Н.Абдураҳмонов милиция полковниги И.Содиқов кўрсатмаси билан катта миқдордаги қорадорини енгил машинада Тожикистондан қўшни Қирғизистонга ташиб, асосий мижозларга сотиб юрган.

“И.Содиқов унга ҳар бир наркотик савдосидан тушган пулдан 20 минг доллар беришни ваъда қилган. Аммо шу муддат ичида тахминан олти марта амалга оширилган наркотик моддалар ноқонуний савдоси учун 600дан 800 долларгача хизмат ҳақи берган. И.Содиқов Н.Абдураҳмоновдан жами 200 минг доллар миқдорида қарздор бўлган. Қарз устидан ўзаро жанжаллардан сўнг И.Содиқов Н.Абдураҳмоновга ПСМ русумли тўппонча ва 45 дона ўқ бериб, Тожикистондаги катта давлат амалдорларидан бирини ўлдиришни буюрган, кейин барча қарзларни тўлаши ва хизматлари учун у истаган маблағни беришини айтган”, - деди Нур Нуров.

Бироқ милиционердан чиққан жиноятчиларнинг режаси амалга ошмай қолган.

Жорий йил 22 март куни қўшнилари Н.Абдураҳмоновни Наврўз байрамига атаб ёзилган дастурхонга таклиф этади. Гурунг давомида Н.Абдураҳмонов қўшниси Маҳмадражаб Саидов билан тортишиб қолади. Шундан сўнг уйига кириб И.Содиқов берган тўппончани олиб чиқади ва М.Саидовга қарата ўқ узади. М.Саидовга тарафкашлик қилган бошқа қўшниси Жўрахон Саидов ҳам тўппонча ўқидан ҳалок бўлади.

Бу қотилликлардан сўнг Н.Абдураҳмонов полковник И.Содиқов билан ҳам орани очиқ қилиш мақсадида унинг Рудакий туманидаги уйига бостириб киради ва 200 минг доллар қарзини талаб қилади. И.Содиқов бу талабни бажара олмаслигини айтгач, Н.Абдураҳмонов уни ҳам ўлдиради.

Бир кунда уч киши умрига зомин бўлган майор гуноҳини енгиллаштириш учун ўз хоҳиши билан Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кириб борган ва қилмишларига иқрор бўлган.

Н.Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Зулайҳо эри ҳақиқатдан ҳам полковник И.Содиқов топшириғи асосида наркотик моддалар ноқонуний савдоси билан шуғулланганини тан олди.

“Қирғизистонга наркотик модда юбориб турган И.Содиқов ҳар гал катта ваъдалар билан Наримонни алдаб келган ва натижада Наримон Содиқовнинг жонига қасд қилишга мажбур бўлди”, - деди Зулайҳо.

Тожикистон Олий суди Н.Абдураҳмоновни Жиноят кодексининг олти моддаси бўйича айбдор топиб, унга бир умрлик қамоқ жазоси тайинлади.

Эслатиш жоиз, шу кунгача Тожикистонда 13 кишига нисбатан бир умрлик қамоқ жазоси ҳукми чиқарилган.
XS
SM
MD
LG