Линклар

Буш ва Браун Ироқни ўз ҳолига ташлаб қўймайди

  • Ҳасанжон

Буюк Британия бош вазири лавозимида АҚШга илк бор ташриф буюрган Гордон Брауннинг президент Жорж Буш билан музокараларида Ироқдаги барқарорлик масаласи бош мавзулардан бири бўлди.

Мазкур учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Г.Браун Буюк Британия Ироқдаги қўшинларини олиб чиқишга шошилмаётганини маълум қилди. Жорж Буш бир неча марта айтгани каби Г.Браун ҳам қўшинларни Ироқдан олиб чиқиш ҳақидаги қарор қўмондонлар маслаҳатига асосланган ҳолда қабул қилинишини таъкидлади.

Ҳозир Ироққа Буюк Британиянинг 5,5 минг кишилик ҳарбий контингенти бор. Улар асосий эътиборни ҳарбий операцияларга эмас, балки Ироқ кучлари хавфсизлик масъулиятни ўз зиммасига олиши учун уларга ёрдам беришга қаратган.

АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари учрашувида Ироқдан ташқари Эроннинг ядровий дастури, савдо, глобал иқлим исиши, Суданнинг Дарфур вилоятида юзага келган бўҳрон каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Жорж Буш вазири Гордон Браун билан музокара очиқ, самимий ва кўтаринки руҳда ўтганини алоҳида таъкидлади.

“Америка ва Британиянинг бир хил қараш ва қадриятга эгалиги муҳим аҳамиятга эга. Менимча, биз бутун дунёда эркинлик ва адолат қарор топишида бирга ишлашга масъулмиз. Мен айни фикрдаги раҳбар билан учрашдим. Фикримча, биз эркинлик, адолат, инсон ҳуқуқлари ва қадриятларига ишонувчилар ва ўз мақсадига эришиш учун бегуноҳ одамларни ўлдирувчи қотиллар ўртасидаги буюк ғоявий курашнинг дастлабки бобини ёзишга киришдик”, - деди АҚШ раҳбари.

Гордон Браун Эрон ядровий дастурига қарши Европа ва АҚШ кўраётган чоралардан қониқиш ҳосил қилишини айтди.

БМТнинг Эронга қарши санкциялари аллақачон самара бера бошлаганини таъкидлаган бош вазир БМТ орқали қаттиқроқ санкциялар жорий этишга тайёрлигини билдирди.

Гордон Брауннинг БМТда чиқиш қилиши ҳам режалаштирилган. У ўз нутқида БМТнинг дунёда қашшоқликни камайтиришга қаратилган янги мингйиллик дастурини 2015 йилга қадар амалга тадбиқ этиш масаласини кўтариши кутилмоқда.

Август ойида эълон қилинган ҳисоботда янги мингйиллик дастурларини амалга ошириш белгиланган муддатдан ортда қолаётгани қайд этилган.
XS
SM
MD
LG