Линклар

logo-print

Беслан фожеаси юзасидан хулосалар ўзгариши мумкин

  • Сарвар Усмон

Яқинда “Бесланлик оналар” қўмитаси қўлига келиб тушган видеоёзув бундан 2 йилу 11 ой муқаддам Беслан шаҳрида юз берган фожеа юзасидан Россия ҳукуматининг хулосаларини пучга чиқариши мумкин.

Ҳукумат комиссиясининг таъкидлашича, аксарияти болалар бўлган 300дан зиёд киши исёнчилар томонидан уюштирилган портлаш натижасида мактаб томи қулагани туфайли ўлган.

Беслан фожеаси пайтида нобуд бўлганлар қариндош-уруғларининг кўпчилиги ҳукумат комиссияси хулосаларига ишонмай келмоқда.

“Бесланлик оналар” қўмитасига келиб тушган видеоёзув чечен айирмачилари томонидан мактаб биносида 3 кун ушлаб турилган, аксарияти болалар бўлган мингдан зиёд кишининг 300 нафардан ортиғи ўлими юзасидан ҳукумат хулосаларига шубҳани янада кучайтирди. Тасвирда қамалнинг учинчи куни ҳукумат кучлари мактабга қарата ўт очгани акс этган.

“Бесланлик оналар” қўмитаси аъзоси, Беслан фожеаси давомида қизидан ажралиб қолган Анета Ғозиева шу пайтгача ҳам ҳукумат кучлари бинога қарата биринчи бўлиб ўт очганига ишонарди. Видеоёзув эса унинг ҳақлигини тасдиқлаётир.

А.Ғозиева бу видеотасвир ўрганилиши ва жиноят ишига тиркалиши учун терговчиларга топширилганини маълум қилди.

“Беслан ҳақидаги ҳақиқат” сайти муҳаррири Марина Литвинович ҳам видеотасвир фожеа тўғрисидаги расмий хулосани чиппакка чиқаришини таъкидлади.

“Бу тасвир фожеа тўғрисидаги дастлабки тахминни, яъни 3 сентябрь кунги воқеалар спорт залида жангарилар амалга оширган портлашлардан эмас, балки бинонинг ташқаридан ўққа тутилишидан бошланган, деган тахминни тасдиқлайди”, - дейди М.Литвинович.

Сиёсий ва ҳарбий тадқиқотлар марказининг Кавказ бўйича эксперти Сергей Маркедонов видеотасвир билан боғлиқ юзага келган вазиятни шарҳлар экан, аввало, террорчиларнинг болаларни гаровга олишининг ўзиёқ ўта даҳшатли ҳодиса эканини, махсус хизматларнинг ҳар қандай хатоси, ҳатто жиноятлари ўша ҳодиса соясида қолиб кетишини таъкидлади. Шунингдек, у расмийлар юз берган фожеа учун масъулиятнинг бир қисмини нега ўз зиммасига олмаётганини тушунмаётганини билдирди.

“Менимча, Беслан фожеаси ҳали узоқ вақт биринчи сентябрь билан боғлиқ равишда тилга олиб турилади. Шунинг учун ҳам фожеа сабоқлари жиддий ўрганилиши, Россия президентининг ўзи ҳам бу воқеага яқинроқ ёндашиши керак, деб ўйлайман”, - деди С.Маркедонов.

Бесланлик ўқувчиларни гаровдан озод қилиш чоғида жангарилардан фақат биттаси - Нурпаши Кулаев тирик қўлга олинган эди. Ўтган йили суд уни умрбод қамоққа ҳукм қилди.
XS
SM
MD
LG