Линклар

logo-print

Юзерлар сони ошяпти, Интернет назорати ҳам кучайяпти

  • Озодлик

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда Интернетдан фойдаланувчилар сони 2 миллионга яқинлашиб қолганини эълон қилиш билан бирга Интернет устидан назоратни ҳам кучайтириб боряпти.

Маълум бўлишича, яқин вақт ичида Ўзбекистонда нафақат маълум бир компьютерни, балки Интернетдан фойдаланувчиларнинг барчасини ëппасига кузатиш тизими ишга тушади. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни энди виртуал оламда ҳам таъқиб қилса бўлади. Ҳукумат идоралари бир жойдан туриб, Интернетдан фойдаланувчининг манзили, қайси сайтларга киргани, Интернет орқали амалга оширадиган банк операциялари ва ахборот алмашинувини кузата олади.

Оператив-қидирув тадбирлари тизими, деб номланувчи бундай тизим янги эмас. Ўн йил муқаддам пайдо бўлган бу дастур МДҲда ҳозирча фақат Россияда ўрнатилган.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда Интернетдан фойдаланувчилар сони 1 миллион 835 мингдан ортган. Ҳозир Ўзбекистонда ҳар 1000 одамдан 69 тасида Интернетдан фойдаланиш имконияти бор ва уларнинг асосий қисми интернет кафелар хизматига мурожаат қилади. Интернет кафелар сони эса мамлакат бўйича 680 тага етган.

Бу борадаги рақамлар кун сайин улканлашиб бораётганига қарамай, Ўзбекистонда ҳукумат наздида мухолиф бўлган “Фарғона.ру”, “Озодлик”, “Би-Би-Си”, “Сентразия.ру” каби сайтларга киришга ҳамон тўсиқлар қўйилмоқда.

“Ҳукумат қайси сайтларга тўсиқ қўйган бўлса, ўша сайтлар очилмайди. “Ўзбектелеком” ëпиб қўйган баъзи сайтлар бор. Уларга кира олмайсиз”, - дейди Ўзбекистондаги “Шарқ телеком” провайдери ходими.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агенлиги ходими эса Интернетдан фойдалувчилар сони ошиб бораётганига провайдерлар ва улар бераётган имтиёзлар кўпаяётгани муҳим роль ўйнаётганини таъқидлади.

“Uznews.net” нашрининг ўзбекча саҳифаси муҳаррири Қудрат Бобожон Интернетдан фойдаланиш имконияти борлигининг ўзи ижобий ҳолат эканини айтади.

“Интернет эшиклари очиқ турар экан, одамлар ўзига керакли сайтларни очишига имкон бўлаверади. Лекин сайтларга тўсиқ қўйилгани ачинарли ҳол. Бунинг учун катта куч жалб этилган. Интернетнинг ривожланиб бораëтгани ва унинг юзерлари сони ошиши эса айни пайтда ҳукуматнинг ўзига ҳам керак”, - дейди Қудрат Бобожон.

Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони ошиб бораётган бўлса-да, мамлакат бу жиҳатдан постсовет ҳудудида ҳамон сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Интернетдан фойдаланувчилар сони Россияда 22 миллионга яқин, Украинада 4,5 миллион, Беларусда эса 3,5 миллионни ташкил этади. Марказий Осиёда эса ҳозирча Қозоғистон ва Қирғизистонда Интернет фойдаланувчилари нисбатан кўпдир.
XS
SM
MD
LG