Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:55

Имтиҳонлар адолатли ўтишига ишонч ортмоқда, лекин...


Тожикистонда 1 августдан олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланди. Мамлакатнинг 28 та олий ўқув юртига тахминан 28 минг талаба қабул қилиниши режалаштирилган.

Тожикистон Таълим вазирлиги расмий маълумотига кўра, бу йил тахминан 45 минг абитурент ҳужжат топширган, шулардан тахминан 1200 нафари Ўзбекистон фуқаросидир.

Тожикистон Миллий университети мамлакатдаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан ҳисобланади. Бу йил университетнинг 15 та факультетига қарийб 3 минг абитуриент ҳужжат топширган. Бу ерда тожиклардан бошқа миллат вакилларининг олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида рус тили ва адабиёти факультети ҳам ташкил этилди.

Миллий университет қабул комиссияси масъул котиби Ширинбек Холиқов сўзларига кўра, ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, бу йил қабул имтиҳонларида коррупциянинг олдини олиш учун кучли назорат ўрнатилган.

“Имтиҳонлар бошланишидан аввал биз ота-оналар билан учрашиб, комиссия ишонч телефонларини бердик. Улардан пора сўровчилар ҳақида бизга дарҳол хабар беришни сўрадик”, - дейди Ширинбек Холиқов.

Шу каби тадбирлар натижаси бўлса керак, ўқишга таниш-билишсиз, порасиз киришга ишонаётганлар сони анча кўп.

Оддий фуқаро Шариф Жумаев ҳам бир йил давомида имтиҳонларга тайёрланган қизи таниш-билишсиз имтиҳондан яхши баҳолар билан ўтишига ишонмоқда.

“Қизимнинг тайёргарлиги жуда яхши. Ўтган йили кўпчилик танишларсиз институтларга киргани ҳақида эшитган эдик. Шунинг учун бу йил ҳам имтиҳонлар адолатли ўтишига ишониб келдик”, - дейди Ш.Жумаев.

Аммо тожик жамиятидаги, айниқса, олий ўқув юртларидаги коррупциядан ҳали бери қутулиб бўлмаслигини айтади кузатувчилар. Уларнинг фикрича, бу йил ўқишга қабул қилинадиганларнинг тахминан 70 фоизи пора бериб талаба бўлиши эҳтимоли бор.

Тожикистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижаси 20 август куни эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG