Линклар

Қозоғистонда диндор ёшлар кўпаймоқда


Сўнгги йилларда Қозоғистонда диндор ёшлар сони ортмоқда. Қозоғистон аҳолисининг аксари мусулмон экани эътироф этилса-да, ёшлар орасида бошқа динлар ва мазҳабларга эътиқод қилувчилар ҳам анчагина.

Олмаота шаҳри марказий масжиди имоми Муҳаммад Алсабек бугунги кунда масжидга намозга келаётган кишиларнинг 80-90 фоизи ёшлар экани, Қозоғистон ёшлари динга ўта муҳтожлиги сезилаётгани таъкидлади.

У ислом динига эътиқод қилувчи ёшлар орасида диний экстремистик ташкилотларга аъзо бўлганлар кўпаётганига изоҳ берар экан: “Ҳозирги кунда айрим ёшлар тақиқланган, диний экстремистик ташкилотларга кириб кетаётганига сабаб уларнинг исломни билмаслигида, деб ўйлайман. Қозоғистонда Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон ҳамда Мисрдан келган миссионерлар жуда кўп. Улар ўз маблағларига масжид, мадрасалар очмоқда. Масалан, Қозоғистон ислом университети муаллимларининг асосий қисми мисрлик ва покистонликлар. Уларнинг ҳар бири исломни турлича талқин қилади. Ҳар бири ўзининг ҳақлигини исботлашга уринади. Ёшларига исломдан сабоқ бераётганларнинг асосий қисми маҳаллий муаллимлар эмас, балки хорижликлар экани уларнинг исломни турлича қабул қилиши, турли секта ва экстремистик ташкилотларга оғиб кетишига сабаб бўлмоқда”, - деди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳисоботида айтилишича, ўтган йили мамлакатда “Ҳизб ут-таҳрир” партиясининг 69 аъзоси устидан жиноят иши қўзғатилган бўлса, жорий йилда 40 аъзоси қамоққа олинган.

Расмий идоралар ҳизбчиларнинг баъзилари ўз хоҳишига кўра қилмишидан тавба қилганини ҳам билдирмоқда. Ўтган йили бундайлар сони 88 кишини ташкил этган.

“Энг хавотирлиси эса мамлакатимизда фаолияти тақиқланган бу партия аъзоларининг 50-60 фоизини ёш йигит-қизлар ташкил этаётганидир,- дейди МХҚ матбуот котиби Ислом Бекишев. - Ёшларнинг диний билимсизлиги, тажрибасизлиги экстремистик гуруҳ ташкилотчиларига қўл келмоқда”.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Олмаотадаги бюроси раҳбари Нинель Фокина чиндан ҳам “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилоти аъзоларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этаётгани, аммо ҳуқуқ-тартибот органлари уларни эксремистик фаолияти учун эмас, балки шунчаки партияга аъзо бўлгани учунгина озодликдан маҳрум қилаётганини айтади.

“Айтишим керакки, озодликдан маҳрум этилган ҳизбчи ёшларга ҳуқуқ-тартибот органлари аниқ айбловлар қўя олгани йўқ. Чунки бундай айбловларнинг ўзи аслида йўқ. Хулоса қилиш мумкинки, Қозоғистонда сени аниқ бир ҳаракатлар учун эмас, балки ўзгача фикрлаганинг учун озодликдан маҳрум этишади”, - деди Н.Фокина.
XS
SM
MD
LG