Линклар

Шифокорлар масъулиятсизлиги қурбонлари яна болалар

  • Ҳурмат Бобожон

Қирғизистонда тўққиз бола ва икки шифокорга одам иммун танқислиги вируси – ОИТВ юқтирилгани юзасидан тергов давом этмоқда. Бу воқеадан кейин юқори лавозимли камида 4 тиббиёт ходими вазифаларидан четлатилди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус, асосан, қон қуйиш ва стерилланмаган игналардан фойдаланиш натижасида юқтирилганини билдираётир.

“Ҳозирга қадар ОИТВ юқтирилган 9 боланинг қони уч марта текшириб кўрилди. Шунингдек, хавфли вирусни Ўшдаги болалар шифохонасининг бир врачи ва ҳамшираси ҳам юқтирган”, - деди вазирлик расмийси Тоқтоғози Қутукеев.

Ўш вилоятининг Новқат тумани шифохонасида вирус юқтирилган тўққиз болакайнинг барчаси икки ёшгача бўлган чақалоқлардир ва уларга касаллик бошқа гўдакдан ўтган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу гўдак Новқат тумани шифохонасида даволанаётганида 1,5-2 яшарлик 4 тенгдошига, Ўш шаҳри шифохонасида даволанаётганида эса яна уч болага ОИТВ юққан.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўш вилоятида ОИТВга чалинган 500дан зиёд одам бўлиб, улар Қирғизистонда қайд қилинган беморларнинг ярмидан кўпини ташкил этади.

Айни пайтда Ўш вилоятида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги комиссияси текширув ишлари ўтказмоқда. Ўшдаги айрим мутахассислар инфекция болаларни турли касалликларга қарши эмлаш пайтида юққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилаётир.

Шифохонада ОИТВ юқтирилиши билан боғлиқ ҳодиса Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кузатилган. Қозоғистон жанубида камида 118 бола ва 14 ўсмир бу хавфли вирусни юқтирган ва бу ҳолат ортидан Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 21 ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Худди шундай ҳолат ўтган йил охирларида Тожикистонда ҳам кузатилган эди. Ўшанда камида олти одам, жумладан, тўрт яшар бола хавфли вирусни юқтирганди. Шунга ўхшаш воқеалар Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам кузатилади. Аммо бу давлатларда ҳукумат расмийлари бу ҳақда гапиришни истамайди.
XS
SM
MD
LG