Линклар

Ўзбекистон номини “дунёга танитаётганлар” қўлга олинди

  • Ҳурмат Бобожон

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ўзбекистонлик беш жувон фоҳишалик билан шуғулланганликда гумон қилиниб қўлга олинди. Улар билан бирга ўзбекистонлик яна бир аёл товламачиликда айбланиб ҳибс этилди.

“Ҳиндустан таймс” газетасининг ёзишича, сўроқ пайтида ўзбекистонлик бу аёллар Ҳиндистонга қисқа муддатга айнан фоҳишалик билан шуғулланиш учун келганига иқрор бўлган.

Айни пайтда пайтда аёлларнинг исмлари маълум қилинмаяпти. Қўлга олиниш вақтида уларнинг ёнида паспорт ёки бошқа ҳужжатлари бўлмаган.

“Сўроқ пайтида улар Ўзбекистондаги тўлиқ манзилини берди. Айримлари Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳридан, баъзилари Хоразм вилоятининг Қўшкўпир, Ҳазорасп туманларидан эканини айтди”, - деди Деҳли полицияси терговчиси Пармад Кумар.

Терговчи фоҳишалар билан биргаликда ўзбекистонлик Фарида исмли 42 ёшли яна бир аёл товламачилик билан шуғулланганликда айбланиб ушланганини, уларнинг иши судда кўрилгунча, барчаси ҳибсда ушлаб турилишини билдирди.

Унинг таъкидлашича, суддан кейин аёллар қамоққа ташланиши ёки ўз юртига депортация қилиниши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси бу ишга аралашмаяпти. Элчихона расмийлари бу ҳақда полициядан расмий маълумот келиб тушмаганини айтди.

Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёлларнинг фоҳишалик билан шуғулланишда гумонланиб ҳибсга олиниши биринчи бор кузатилаётгани йўқ. Шу йилнинг май ойида Ҳиндистон полицияси ўзбекистонлик бир аёлни Деҳлидаги меҳмонхоналардан бирида мижозларга хизмат кўрсатаëтган пайтда ушланганди.
Шунингдек, ўзбек аёллари фоҳишабозликда айбланиб бошқа давлатларда ҳам қўлга олинган. Июнь ойида Таиланд полицияси Паттайя шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик тўрт фуқарони ҳибсга олган эди.

Кузатувчилар ўзбекистонлик аëлларнинг хорижда фоҳишалик билан шуғулланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг оғирлиги билан боғлайди. Қолаверса, кузатувчилар назарида бу Ўзбекистон одам савдосига қарши етарли чора кўрмаётгани белгисидир. АҚШ Давлат департаменти сўнгги ҳисоботида Ўзбекистонни одам савдосига қарши етарли чора кўрмаётган давлатлар қаторига қўшган эди.
XS
SM
MD
LG