Линклар

logo-print

Қорақалпоғистондаги тўқай икки кун ёнди

  • Фаррух Юсуфий

Душанба ва сешанба кунлари Қорақалпоғистонда Тўронғил тўқайида катта ёнғин рўй берди. Икки кун давом этган ёнғиннинг тутуни тўқайдан 50 километр узоқликда жойлашган Нукусдан ҳам кўриниб турди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Қорақалпоғистон бўлими раиси Солижон Абдураҳмоновнинг айтишича, Амударё туманида жойлашган Тўронғил тўқайларида ҳар йили бир неча марта ёнғин кузатилади. Лекин душанба куни чиққан ёнғин кўлами мисли кўрилмаган даражада катта бўлган.

“Бу сафар катта ёнғин бўлди. Одатда тўқайларда ёнғин икки кун давом этмасди. Бир неча соатда ўчириларди. Ёнғиннинг катталигидан унинг тутуни 50 километр шимолда жойлашган Нукусда ҳам кўриниб турди”, - дейди С.Абдураҳмонов.

Унинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистон расмийлари ёнғин ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, уни ўчиршига ҳаракат қилган, лекин бунинг учун ташланган кучлар етарли бўлмаган.

Шунинг учун, деб тахмин қилди суҳбатдош, ёнғин рўй бергани ҳақида маълумотлар ошкор қилинмаяпти.

Қорақалпоғистон ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аминжон Тожиев ёнғин чиққанини тасдиқлади, бироқ унинг фавқулодда катта бўлгани ҳақидаги гапларни инкор қилди. Шу билан бирга, у мазкур воқеани комиссия текшираётгани, лекин ҳозирча бирор аниқ хулоса йўқлигини билдирди.

С.Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, бу йилги ёз иссиқ келган бўлса-да, тўқайзорларда ёнғин ўз ўзидан чиқмайди.

“Одатда ёнғин иссиқдан чиқмайди. Бу тўқайзорлар ҳудуди одам зич яшайдиган жойлар ҳисобланади. Шунинг учун ёнғинларга кўпинча одамлар сабабчи бўлади”, - деди С.Абдураҳмонов.

Унинг қўшимча қилишича, расмийлар ёнғин сабаблари ва бошқа тафсилотларни яшираётган бўлса-да, “мен бу ерда ўт ёқсам, Фарғонада тутуни” дегандай, ёнғин мавзуси қорақалпоғистонликлар оғзидан тушмаяпти.
XS
SM
MD
LG