Линклар

Хабарларга қараганда, айни пайтда Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран ушлаб турилган мустақил журналист Жамшид Каримовнинг саломатлиги анча ёмонлашиб қолган.

Суд қарори билан мажбуран даволаниш учун шифохонага 6 ойга ётқизилган Ж.Каримов орадан қарийб бир йил ўтса-да, озод этилгани йўқ.

“Жамшиднинг аҳволи анча оғирлашгани ҳақида хабарлар келяпти. Берилаётган дорилар таъсиридан у беҳуш бўлиб қолаётган экан. Кўзлари яхши кўрмай қолибди. Газета ўқиш учун тақадиган кўзойнаги ҳам олиб қўйилибди. Умуман аҳволи ёмон. Мен бу хабарларни эшитиб анча эзилдим”, - дейди мустақил журналист У.Ҳайдаров.

Жамшиднинг онаси Маргарита Каримова эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишга рағбат билдирмади.

“Мен телефонда ҳеч нарса гапирмайман. Чунки телефоним эшитилади (прослушкада)”, - деди М.Каримова.

Ҳозир Швецияда яшаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Юсуф Расул Ўзбекисон президентининг жияни Ж.Каримов аслида соғлом экани, у ҳукуматни очиқ танқид қилгани учун ҳам кўпсонли мустақил журналистлар сингари ана шундай қисматга дучор бўлганини таъкидлади.

“Ж.Каримовнинг бошқа журналистлардан фарқи президентнинг жияни эканида. Журналистларни ҳимоя қилувчи ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар ҳам айнан шу сабаб унга ёрдам бера олмаяпти. Жамшиднинг тақдирини фақат бир одам ҳал қилади, яъни амакиси Ислом Каримов”, - деди Ю.Расул.

Улуғбек Ҳайдаров сўзларига кўра эса Ж.Каримов гарчи президентнинг жияни бўлса ҳам ҳеч қачон бу имтиёзга суянмаган.

“Унга президентнинг эрка жияни сифатида мазза қилиб яшасанг бўлади-ку, деб айтсам, доимо бундай яшай олмаслигини айтарди”, - дейди У.Ҳайдаров.

Халқаро ПЕН марказининг яқинда бўлиб ўтган 73-конгресси ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан Ж.Каримовни руҳий касалликлар шифохонасидан чиқариш талаб этилган резолюция қабул қилди.

Марказнинг тутқун ёзувчилар бўйича дастури раҳбари Сара Вайснинг “Озодлик”ка айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг режимга қарши бўлган одамларга руҳий муолажа қўллаши ўта кетган шафқатсизликдир. Шунинг учун ташкилот Ж.Каримов тақдиридан қаттиқ хавотирда.
XS
SM
MD
LG