Линклар

Мўътабар Тожибоева қамоқдан “васиятнома” чиқарди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, айни пайтда қамоқда сақланаётган Мўътабар Тожибоева қамоқхонадан мактуб чиқарди. Хатда у қамоқда ўзига зулм ўтказаётган шахсларни бирма-бир санаб ўтган.

Ул на гумбаздир туйнуги, эшигидан йўқ нишон.
Неча гулгун, пок қизлар манзил айлабдир макон.
Туйнугин очиб алар ҳолидан олсам хабар
Юзларига парда тортиғлиқ, турарлар бағри қон.

М.Тожибоеванинг қамоқхонадан 2 август куни чиқарган мактуби шоира Увайсийнинг ана шу сатрлари билан бошланган. Мактуб “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова қўлига келиб тушган.

“Мактуб оддий дафтар варағига зич қилиб ëзилган. Унга “Бутун жаҳон ҳамжамиятига, дунë журналистларига, дўст-қадрдонларимга - барча-барчага васиятнома”, деб сарлавҳа қўйилган”, - дейди В.Иноятова.

Унинг сўзларига кўра, М.Тожибоева ўзига ўлим таҳдид қилаëтганидан ташвиш билдирган. “Агар ташқаридан менга ëрдам қилинмаса, қамоқхонада мени ўлдириб юборишмоқчи. Бу ердан мени тирик чиқариб юборишмоқчи эмас”, деган сатрлар бор мактубда.

М.Тожибоева имзоси билан чиққан бу мактубда қамоқхонанинг унга қийноқлар қўллаётган нозирлари исмлари бирма бир келтирилган.

“Мени қийнаб, паймонамни тўлдираëтган Қўйлиқдаги УЯ 64-7 рақамли аëллар қамоқхонаси бош врачи Юлия Кумарина, қамоқхона нозири милиция майори Римма Рустамова, тезкор вакил Гули Аҳмаджонова ҳамда Музаффар Қаршиевнинг жиноятлари чексиз”, - дейилади мактубда.

М.Тожибоева мана бир йилдан бери қамоқхонанинг бир кишилик жазо ҳужраси - карцерга тиқиб қийнашаëтганидан шикоят қилган.

В.Иноятова М.Тожибоеванинг мактубини қамоқхона мулозимларидан бири тўғри унга олиб келиб берганини маълум қилди.

Марғилон шаҳрида тузилган “Ўтюраклар клуби” норасмий инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари М.Тожибоева 2005 йилнинг 8 октябрида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Ирландияда бўладиган йиғилишига кетиш олдидан ҳибсга олинганди.

Шу йилнинг 6 мартида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида бўлиб ўтган суд қарори билан Нобель мукофоти номинанти М.Тожибоева 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари М.Тожибоевани сиëсий қарашлари учун қамоққа ташланган виждон асираси сифатида дарҳол озод этилишини талаб қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG