Линклар

Руслан Чагаев сариқ касалига чалинди

  • Озодлик

Жаҳон бокс уюшмаси (WBA) йўналиши чемпиони Руслан Чагаев ва Жаҳон бокс ташкилоти (WBO) чемпиони россиялик Султон Ибрагимов ўртасидаги жанг ўтказилмаслигига Русланнинг касал бўлиб қолгани сабабдир.

Сал аввалроқ Россиядаги айрим оммавий ахборот воситалари 13 октябрда бўлиб ўтиши кутилган жангнинг қолдирилишига Р.Чагаевнинг ошқозони оғриётгани ва у жангга кўнгилдагидек тайёрлана олмаслиги сабаб экани тўғрисида хабар тарқатган эди.

Русланнинг промоутери “Universum Box Promotion” компаниясининг PR менежери Кристоф Ҳауэркамп ҳам бу хабарни тасдиқлади ва айни пайтда Чагаев Тошкентда врачлар назоратида эканини билдирди.

Аммо Русланнинг шахсий менежери Таймаз Ниëзов “Озодлик” билан суҳбатда Чагаев ошқозони оғригани учун эмас, балки сариқ касали, яъни Б гепатитига чалинганини учун жанг ўтказа олмаслигини маълум қилди.

“2 август куни унга сариқ касаллиги ташхиси қўйилди. Тиббий хулосалар нусхаси Германияга жўнатилди. Бу йил энди Русланни ортиқча уринтирмаслик керак”, - деди Таймаз Ниëзов.

Русланнинг эрта-индин кўзи ëрийдиган рафиқаси Виктория ҳам “Озодлик”ка берган интервьюсида эрининг Тошкентдалиги ва сариқ бўлиб қолганини тасдиқлади.

“Сариқ касал бўлиб қолибди. Б гепатити. Одатда Б гепатити қондан юқади. Унга қандай юққан, билмадим”, - деди Виктория.

Султон Ибрагимов ва Руслан Чагаев ўртасида икки йўналиш чемпионлиги учун ўтказиладиган жангни жаҳон бокс мухлислари интиқлик билан кутаётганди. Аммо Русланнинг касал бўлиб қолгани чемпионлик камарларини бирлаштириш жанги ўтказилиш муддатини номаълум муддатга орқага сурди.
XS
SM
MD
LG