Линклар

logo-print

Иш ҳақини бермаган хўжайин жонини берди

  • Садриддин Ашур

Cамарқанд вилоятидан Россияга мардикорликка борган 22 ёшли ўзбек йигити бошқирдистонлик иш берувчисини болта билан чопиб ўлдирди. Бунга иш берувчининг иш ҳақи тўламагани сабаб бўлди.

“Озодлик” радиосининг Бошқирдистондаги мухбири Фанис Фатхулин сўзларига кўра, эндиликда жиноятчига айланган ўзбек йигити ҳамюртлари билан бирга Белебеев туманидаги ғишт заводида ишлаган. Уларнинг кўпчилиги ноқонуний меҳнат муҳожирлари бўлган.

“Бошқирдистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, иш берувчиси 46 ёшли тадбиркор бу ерда ишлаётган ўзбекларнинг паспортларини олиб қўйиб, иш ҳақларини бермаган. Бу ҳол ўзбекистонлик мардикорларнинг нафратини қўзғатган ва улардан бири иш берувчини болта билан чопиб ўлдириб, қочиб кетган. Лекин кўп ўтмай, қўлга олинган”, - дейди Фанис Фатхулин.

Бошқирдистон республикаси Белебеев туманлараро прокуратураси терговчиси Руслан Шигапов айтишича, Самарқанд вилоятининг Садтепа қишлоғидан бўлган Темур Эргашев Россияга тирикчилик мақсадида келган.

“Иш берувчи билан Темур Эргашев ўртасида жанжал чиққан. Чунки Темур иш берувчидан паспортини ва иш ҳақини сўраган. Иш берувчи эса бермаган. Темур болтани олиб аввал дастаси билан уни бир неча марта уриб, кейин ўн марта чопган. Сўнгра юзи ўртасига болтани санчиб, чиқиб кетган”, - дейди терговчи.

Терговчининг билдиришича, шундан сўнг Темур Эргашев хўжайин хонасидаги сейфни очиб, паспортини олганда ғойиб бўлган. Ҳозир қўлга олинган Темур Эргашев ўз айбига тўла иқрор бўлган. У Россия Жиноят кондексининг 105-моддаси 1-қисми билан қотилликда айбланмоқда.

Ғишт заводида ноқонуний ишлаган ва иш ҳақини ололмаган бошқа ўзбек мардикорларининг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG