Линклар

Тожикистонда ҳижоб можароси давом этмоқда

  • Гулнора Равшан

1 август куни Тожикистон Миллий университетида қабул имтиҳонлари бошланиши маросимида қатнашган таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов ҳижобли уч абитуриент қизни имтиҳондан чиқариб юборди.

Бу хабарни ўша маросимда қатнашган кўпчилик тасдиқламоқда. Ўзини Сабдарг Пирова деб таништирган аёлнинг айтишича, вазир қабул имтиҳонига йиғилганлар орасидан ҳижобда бўлган уч абитуриент қизни ёнига чақириб, танбеҳ берган ва қабул комиссияси масъулларига бу қизлар рўмолини ечиб ташламаса, умуман имтиҳонларга киритилмасин, деб буюрган.

“Вазирнинг ўзи рўмол ўраган қизларни имтиҳондан чиқариб юборди. Билишимча, бу қизлар узоқ туманлардан келган эди”, - дейди С.Пирова.

Тожикистон Миллий университети қабул комиссияси масъул котиби Ширинбек Холиқов ушбу воқеа юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаслигини билдирди.

Абитуриент қиз Садорат мазкур университетнинг математика ва информатика факулътетига ҳужжат топширган. Унга ҳам ҳижобда имтиҳонга келиш тақиқлангани айтилган.

“Университетда бундай тартиб жорий қилингани ҳақида шу ерга келиб билдим. Шартнома асосида ўқишга кираётганим сабабли ҳижоб учун имтиҳондан воз кеча олмайман. Чунки жуда катта пул топширганман. Агар жуда қаттиқ талаб қилишса, рўмолимни бошимдан олиб имтиҳонга кираман”, - деди абитурент қиз.

Садриддин Айний номидаги Тожикистон педагогика университети қабул комиссияси масъул котиби Алишер Жўраев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мамлакатнинг барча олий ўқув юртларида ҳижобда юриш тақиқланганини тасдиқлади.

“Тожикистон таълим вазирининг жорий йил 31 мартдаги “Мамлакат ўрта ва олий ўқув юртларида таълим ва тарбияни тартибга солиш тўғрисида”ги буйруғи асосида ягона мактаб формасига оид янги дастур қабул қилинган. Мамлакат ўқув муассасаларида таҳсил олувчилар шу дастур асосида кийиниши шарт. Қабул имтиҳонларига ҳижобда келганларга бош кийимларини ўзгартиришни буюрдик”, - деди А.Жўраев.

Мустақил кузатувчилар таълим вазирининг кийинишга қаратилган буйруғи амалдаги қонунларга зидлигини таъкидламоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайитов сўзларига кўра, мазкур партия раиси, парламент депутати Муҳиддин Кабирий таълим муассасаларида ҳижобли ўқувчилар ҳуқуқлари поймол этилаётгани хусусида Бош прокуратурага мурожаат этган. Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов аризага жавобан мамлакат конституциясида ва амалдаги қонунларда белгиланганидек, фуқаролар ўзи истаган тарзда кийиниши мумкинлигини таъкидлаган.

“Тожикистонни жаҳонга дунёвий демократик давлат сифатида таништирар эканмиз, ўша демократик тамойилларга риоя қилишимиз лозим. Демократия фақат қоғозда бўлиши керак эмас. Дунёвийлик худосизлик дегани эмас. 98 фоиз аҳолиси мусулмон бўлган Тожикистонда ҳижобда юришни тақиқлаш ақлга сиғмайди”, - деди М.Ҳайитов.
XS
SM
MD
LG