Линклар

Ливанда марҳум депутатлар ўрни учун сайлов ўтказилди

  • Сарвар Усмон

Ливаннинг икки сайлов округида марҳум депутатлар ўрни учун сайлов бўлиб ўтди. Марҳум депутатлар Пьер Жамойил ва Валид Ийду ўзининг аксилсурия қарашлари билан танилган эди.

Собиқ саноат вазири Пьер Жамойил ўтган йил ноябрда ўлдирилган, сунний Валид Ийду эса жорий йил июнда террор хуружи қурбони бўлганди.

Марҳум Пьер Жамойил сайланган Метин сайлов округида, асосан, насронийлар истиқомат қилади. Округдаги вазият, хабарларга қараганда, анча таҳликали. Бироқ шу пайтгача бу ерда бирон можаро юз бергани тўғрисида хабар йўқ.

Бу округдан депутатлик ўрни учун Ливаннинг собиқ президенти Амин Жамойил курашмоқда. У марҳум ўғли Пьер Жамойилнинг парламентдаги ўрнини эгалламоқчи.

Сўнгги икки ҳафта давомида Амин Жамойил ва унинг ҳарифи Мишель Аун тарафдорлари ўртасида бир неча тўқнашув юз берди. Бу ҳолат эса маъмурларни хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур қилди. Ҳукумат ўзаро рақобатга киришган партиялар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар чиқиб кетишининг олдини олиш учун кучайтирилган чоралар кўрмоқда.

Икки сайлов округидаги бу сайлов мамлакатда сиёсий бўҳрон юзага келган бир шароитда ўтказилмоқда. Унинг натижалари 25 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган Ливан президенти сайловига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
XS
SM
MD
LG