Линклар

“Сайфон” (Psiphone) Интернетга тўсиқларни вайрон қилади

  • Алишер Сиддиқ

Бундан бир қанча вақт муқаддам яратилган “Сайфон” (Psiphone) компьютер дастури Интернетга тўсиқ қўйиладиган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳаракатларини чиппакка чиқаради.

Торонто университети ҳузурида Очиқ жамият институтининг молиявий кўмагида ташкил этилган махсус лабораторияда яратилган бу компьютер дастури Интернетда из қолдирмасдан исталган сайтларга кириш имконини беради.

Мазкур лаборатория раҳбари профессор Рон Дейберт сўзларига кўра, “Сайфон”нинг ишлаш услуби шундайки, аввал бу дастурни цензура мавжуд бўлмаган давлатда яшайдиган одам ўз компьютерига ўрнатади ва Интернетга уланиш кодларини, дейлик, Ўзбекистондаги танишига беради. Натижада Ўзбекистондаги фуқаро ҳар қандай тўсиққа қарамай, Интернетдаги хоҳлаган сайтни очиб ўқиши мумкин бўлади. Бу усулнинг қулайлиги шундаки, Ўзбекистондаги фойдаланувчи компьютерига ҳеч нарса ўрнатмайди, фақат хориждаги танишининг Интернетга уланиш кодларини киритса, бас. Унинг Интернетдаги “изи” ҳеч кимга ошкор бўлмайди. “Сайфон” дастурига тўсиқ қўйиш имконсиздир.

“Сайфон”ни ҳозирнинг ўзида 100 мингдан ошиқ одам ўз компьютерига ўрнатган. Бу дастурдан фойланиш учун хорижда яқин танишнинг бўлиши ҳам шарт эмас. Бугунги кунда “Сайфон”нинг Интернетга уланиш шифрларини Интернетдан қидириб бемалол топиш мумкин.

Профессор Рон Дейбертнинг эътирофича, Ўзбекистон ҳукумати юқори технологиялар, одамларни жазолаш ва қонунчилик ёрдамида мамлакатда Интернетга тақиқ муҳитини яратишга эриша олган.

“Лекин бу истиқболсиз ҳаракатлардир. Менимча, келажакда ахборот қамали сиёсатини юргизмоқчи бўлган ҳукуматлар кўп қийинчиликка дуч келади. Биринчидан, бу жуда қимматга тушади. Интернет фойдаланувчиларининг саводи уларнинг тақиқларни четлаб ўтиш имкониятини ҳам оширмоқда”, - дейди профессор.

“Сайфон” Интернетдаги тақиқларини четлаб ўтиш имкониятини берувчи ягона дастур эмас.

Жуда ёш бўлишига қарамай, сиёсий фанлар бўйича профессор Рон Дейберт умрини Интернетдаги цензурага қарши дастурлар яратишга бағишланган. Ҳозир унинг Торонтодаги лабораториясида сиёсий тадқиқотчилар, компьютер дастурчилари бир мақсадни, яъни Интернетни чекловлардан холи қилиш мақсадини кўзлаб фаолият юритмоқда. Бундай лабораториялар эса дунёда анчагина. Улар бор экан, юқори технологиялар охир-оқибат сўз эркинлигида тарихий бурилиш ясайди.

Айниқса, авторитар давлатларда Интернет цензураси ҳалокатга учраши яқин келажакнинг иши бўлиб қолмоқда.

АҚШдаги Жон Хопкинс университетининг Марказий Осиё ва Кавказ институти нашрларидан бирида мақола муаллифи Бенжамин Абнер ёзганидек, “авторитар давлатларга радио тўлқинлари эркин кириб борганидек, Интернет ҳам тўсиқларни ёриб ўтишга қодир”.
XS
SM
MD
LG