Линклар

Журналист аёл ўлимида кимнинг қўли бор?


Куни-кеча Қозоғистон жанубида мамлакат президентининг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг жазмани бўлган, 2004 йилда бедарак йўқолган тележурналист Анастасия Новикованинг жасади топилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Гарчи Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги бу хабарни расман тасдиқламаган бўлса-да, мазкур мавзу маҳаллий ОАВдаги энг муҳимлардан бири бўлиб қолмоқда. Маҳаллий нашрлар журналистнинг ўлдирилишида Р.Алиевнинг қўли бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилаётир.

Асли тошкентлик бўлган Анастасия Новикова Қозоғистонга кўчиб келгач, маҳаллий театрлардан бирида ишлаган. Кейин эса Роҳат Алиевга тегишли НТК ва КТК телеканалларида ишлаган.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина сўзларига кўра, А.Новикова телевидениеда астрологик башоратлар тўғрисидаги “Ойдан дараклар” (“Лунные известия”) дастури бошловчиси бўлган. Р.Алиев уни ёқтириб қолиб, бирга яшашга мажбурлаган. Р.Алиев унга шаҳар марказидан уй ва машина олиб берган, пул билан таъминлаб турган.

“Новикова Р.Алиевдан қиз кўрган. Р.Алиев уни доимо ўзига яқин ерда тутиш учун Венадаги элчихонада ҳайдовчи бўлиб ишлаётган жияни Дониёр Естенга уйлантириб қўйган. Аммо вақти келиб Настя бахтли эмаслиги, фарзандини чинакам оилада тарбиялаш хоҳиши борлиги ва Дониёр билан ҳақиқий эр-хотин бўлиб яшаш нияти борлигини маълум қилгач, Дониёр сирли равишда Венада автоҳалокатда ҳалок бўлган. Сўнг Настянинг ўзи ҳам бедарак кетган”, - дейди Р.Таукина.

А.Новикованинг жасади топилгани ҳақида шов-шувлар кўпайган бир пайтда 5 август куни Р.Алиевнинг президент Нурсултон Назарбоев номига йўллаган навбатдаги баёноти пайдо бўлди. Бу баёнотда А.Новикованинг унга дахли йўқлиги билдирган Р.Алиев унинг ўлими ўзини ёмонотлиқ қилиш мақсадида атайин уюштирилганини таъкидлаган.

Р.Алиев бу ишлар ҳукумат ва шахсан Н.Назарбоев томонидан ўзининг шахсиятига янада қора чаплаш мақсадида амалга оширилаётганини иддао қилган.

Аммо Розлана Таукина Р.Алиевнинг бу баёноти ҳам аввалгилари каби ёлғондан иборат, деб билади.

“Анастасиянинг Тошкентда яшайдиган акаси биз билан суҳбатда синглиси юборган расмларда унинг Р.Алиев билан ёнма-ён тургани акс этганини билдирди”, - дейди Р.Таукина.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, А.Новикованинг қариндошлари Р.Алиев номидан қаттиқ қўрқитилгандан сўнг ўз ҳаётидан хавфсирагани сабабли яшириниб яшашга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG