Линклар

Қулдор прокурорнинг ўзбек қуллари

  • Сарвар Усмон

Бошқирдистонда республикадаги Бурай тумани прокурори уйида қулликда сақланган ўзбекистонлик 12 фуқаро озод этилди. Бу ҳақда “Озодлик”нинг Бошқирдистондаги мухбири хабар қилди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик 12 йигитни 2006 йил декабрда Бурай тумани прокурорининг турмуш ўртоғи Гулнора Яушева уйидаги катта иссиқхонада ишлаш учун таклиф қилган ва июль ойигача ишлаб бериш шарти билан 50 минг рублдан иш ҳақи ваъда қилган.

Мардикорлар прокурорнинг уйига етиб келгач, расмий қайддан ўтказиш баҳонаси билан паспортлари олиб қўйилган ва қайтариб берилмаган.

Шундай сўнг ўзбекистонликлар учун чинакам қул ҳаёти бошланган. Суткасига 15 соатдан меҳнат, хўрланиш ва калтакланиш.

Бошқирдистон бирлашган мухолифати мувофиқлаштирув кенгаши 12 ўзбек билан боғлиқ воқеани яқиндан ўрганмоқда. Кенгаш масъул ходимаси Альмира Жукованинг айтишича, уйида ишлатаётган ўзбекистонликларни Бурай тумани прокурори Элдор Яушевнинг шахсан ўзи калтаклаб келган.

Бошқирдистонлик қулдор прокурорнинг қилмишларини 7 августга келиб Россиядаги кўплаб ахборот воситалари ёзди.

Бошқирдистон бош прокуратураси ўз ходимининг жиноятларидан хабардорми? Бош прокуратура ходими жавоби мазмунидан прокуратура бу ишдан хабардор экани, боз устига, Беруй туманига махсус вакил жўнатгани маълум бўлди.

“Озодлик” мухбири қулликдан қутулган ўзбекистонликларнинг ўзлари билан гаплаша олмади.

“Уларнинг телефони йўқ, бундан ташқари, улар журналистлар билан учрашишдан ҳам қўрқяпти”, - деди Бошқирдистон бирлашган мухолифати мувофиқлаштирув кенгаши вакиласи Альмира Жукова.

Бурай туманида рўй берган воқеада қулдор туман прокурори эканини ҳисобга олмаса, марказий осиёликларнинг Россияда қулликка тушиб қолаётгани деярли одатий ҳолдир.

Мана энг сўнгги яна бир воқеа: Москва вилоятининг Пушкин туманида Дмитрий Фурман исмли шахс ўз уйи қурилишида тожикистонликларни ишлатиб, тунлари занжирбанд қилиб сақлаган.

Бошқирдистонда рўй берган бошқа бир воқеа, ўзбекистонлик мардикор иш берувчиси - қулдорни болта билан чопиб ташлагани тўғрисида ўтган ҳафтада ҳикоя қилинган эди.
XS
SM
MD
LG