Линклар

logo-print

Қора курсидаги собиқ судья

  • Абдулла Искандар

Сешанба куни Тошкент вилояти жиноят ишлари судида Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани судининг порахўрлик ва товламачиликда айбланаётган собиқ судьяси Абдуворис Исмоилов устидан суднинг навбатдаги мажлиси бўлди.

Зафар Маликов раислигида ўтаëтган суд материалларига кўра, судланувчи А.Исмоилов шу йил мартда 2 минг доллар пора олаëтганида ушланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик гаров пули эвазига қўйиб юборилган. Аммо 25 июлда Тошкент шаҳри прокурори санкцияси асосида қайта ҳибсга олинган.

Сешанба кунги суд мажлисида иштирок қилаëтган журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, суд мажлисида А.Исмоиловга икки минг доллар пора берган шахснинг эътирофлари тингланган. Аммо суд мажлиси жабрланувчи Шоира Содиқбекованинг иштирокисиз ўтган.

Судда даъвогар сифатида иштирок қилаëтган Ш.Содиқбекова собиқ судьядан жабр кўрганини айтади.

“Исмоилов сохта қарор билан бизни қарздор қилиб, ўғлимнинг машинасини тортиб олди. У суд ижрочилари билан тил бириктириб, машинани ижарага берган”, - дейди Ш.Содиқбекова.

Журналист Абдураҳмон Ташанов Мирзо Улуғбек тумани собиқ судьясидан жабр кўрганлар янги-янги даъволар билан чиқаётганини билдирди.

“У Сурайë Ëқубова исмли аëлдан 67 минг АҚШ долларини алдов йўли билан олиб президент девонидаги судьялар олий малака ҳайъати мулозими Марат Абдужабборовга берган. Бундан ташқари, А.Исмоилов М.Абдужабборовнинг ҳовлисига электрон дарвоза қуриб берган ва мебель сотиб олиб берган”, - дейди журналист.

А.Исмоилов Олий суд судьяси Собир Исмоиловнинг жияни бўлади. Собир Исмоилов эса собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг қудасидир.

А.Ташанов ҳам, Ш.Отабекова ҳам судланаётган собиқ судьянинг қариндошлари даъвогарларга босим ўтказаётганини маълум қилди.

Ш.Содиқбекова бу тазйиқлар боис юраги хасталаниб шифохонага тушди. Шунинг учун у суднинг сешанба кунги мажлисида иштирок эта олмади.

Бундан бир ой олдин Тошкент шаҳри суди судьяси Зокиржон Исаев Ўзбекистон судлов тизими порахўрлик, қавм-қариндошчилик ва ўзаро манфаат устига қурилган яхлит коррупцион тизим экани ҳақида ошкора баëнот берган эди. Мирзо Улуғбек туман судининг собиқ судьяси А.Исмоилов устидан ўтаëтган суд З.Исаев гапларига исботли иловадек кўринмоқда.
XS
SM
MD
LG