Линклар

ИИВ тележурналистнинг жасади топилганини расман тасдиқлади


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 2004 йилда бедарак йўқолган асли тошкентлик тележурналист Анастасия Новикованинг жасади топилганини ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлади.

Вазирлик матбуот котиби Боғдат Хўжаҳмедов журналистларга берган интервьюсида журналистнинг ўлимида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг қўли борлигини таъкидлади.

“2004 йил июнда А.Новикова тўсатдан вафот этади. Ўша йили унинг жасади Ливандан Жамбил вилояти маркази Тараз шаҳрига “Отров ҳаво йўллари” авиакомпанияси самолётида олиб келинган. Тергов давомида биз А.Новикова жасадини Қозоғистонга уч киши - журналистнинг кейинчалик Венада вафот этган эри Дониёр Естен ҳамда “Нурбанк” бўйича очилган жиноят ишига дахлдор Вадим Кошляк ва Қурман Акимқулов олиб келганини аниқладик”, - деди Б.Хўжаҳмедов.

Унинг айтишича, бу шахслар А.Новикованинг жасадини Тараз аэропортидан машинада Жанубий Қозоғистоннинг энг чекка ҳудудига олиб бориб кўмган. Журналистнинг ўлгани ва кўмилган жойи ҳақида унинг яқинлари куни-кеча хабар топган.

“Шу йил июль ойида вазирлигимиз тергов гуруҳи прокуратура санкциясига асосида майитни эксгумация қилиб, суд тиббий экспертизаси ўтказди. Экспертиза майит чиндан ҳам А.Новиковага тегишли эканини аниқлаб берди”, - деди Б.Хўжаҳметов.

Журналист йўқолганидан шунча йил ўтиб, нега эндигина бу воқеа овоза қилинаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Б.Хўжаҳмедов А.Новикованинг яқинлари унинг йўқолгани юзасидан шу йил июлдагина милицияга мурожаат қилганини, улар Р.Алиев устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ОАВдан билгач, ўз қариндошини излашга тушганини маълум қилди.

Аммо мустақил сиёсатшунос Дўсим Сатпаев А.Новикованинг жасади Қозоғистон ҳукумати Р.Алиевни Австриядан қайтариш учун етарли далиллар топа олмаётган пайтда топилгани мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига жуда қўл келиши мумкинлигини айтади.

“Жасад керакли пайтда, яъни терговнинг Р.Алиевга қарши айбларни янада кучайтириши зарур маҳалда топилди. Агар Р.Алиевнинг “Нурбанк” ходимларини ўғирлагани юзасидан жиноят ишига яна одам ўлдиргани бўйича иш қўшилса, бу ҳуқуқ-тартибот идораларимизга Р.Алиевнинг Австриядан экстрадициясига эришишга жуда қўл келади”, - дейди Д.Сатпаев.

Ўзбекистон фуқароси, 1980 йилда туғилган А.Новикова Тошкентдан Олмаотага кўчиб келган. Қозоғистон фуқароси билан қалбаки никоҳдан ўтиб, Қозоғистонда яшаш ҳуқуқини олгач, НТК телеканалига ишга кирган. Бироз вақт ўтгач, у Австрияга кўчиб ўтиб, аввалги никоҳини бекор қилмасдан Р.Алиевнинг жияни, мамлакатнинг Австриядаги элчихонаси ходими Дониёр Естенга турмушга чиққан.

Қозоғистон нашрларининг ёзишича, 2003 йилда А.Новикова Ливан пойтахти Байрутда қиз фарзанд кўрган. Гўдакнинг отаси айнан Р.Алиев ҳам бўлиши мумкин. Ҳозир қизча А.Новикованинг 2005 йилда Венада автоҳалокатда ўлган эри Дониёр Естеннинг ота-онаси қарамоғида.
XS
SM
MD
LG