Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:48

Тожикистонда Гуантанамо тутқунлари суд қилинмоқда


Тожикистон Олий судида АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасидан озод этилган тожикистонлик фуқаролар Муқид Воҳидов ҳамда Руҳиддин Шаропов устидан суд жараёни бошланди.

Улар Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзолик ва Тожикистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда.

Олий суд судяси Мусомир Ўроқовнинг сўзларига кўра, тергов чоғида М.Воҳидов ва Р.Шаропов 2001 йилда ЎИҲ етакчиларидан бири Жума Намангоний гуруҳи билан Афғонистонга ўтиб кетганини тан олган.

“Жума Намангоний гуруҳининг бу икки ёлланма аскари қўшни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қарши амалиётларда қатнашган. 2001 йилда эса Тожикистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб Афғонистонга ўтган. У ердаги жангларда генерал Абдурашид Дўстим аскарлари томонидан қўлга олиниб, Америка ҳарбийларига топширилган. 2001 йил ноябрдан жорий йил мартгача М.Воҳидов ва Р.Шаропов Гуантанамо қамоқхонасида сақланган”, - деди Мусомир Ўроқов.

Адвокат Саиджон Одинаев эса 1 мартда Тожикистон ихтиёрига топширилган М.Воҳидов ва Р.Шаропов устидан тергов фақат 27 апрель куни бошлангани, бу вақт давомида улар ҳибсда сақланганини таъкидлар экан: “Ваҳолангки, далиллар исботини топмаган тақдирда қўлга олинган шахс 3 кундан сўнг қўйиб юборилиши керак эди. Бироқ бу икки айбланувчи қарийб икки ой ноқонуний тарзда тутиб турилган”,- деди.

Адвокат ўз ҳимоясидаги шахслар Гуантанамо базасида ҳам суд қарорисиз сақланганини ва Тожикистонда қўзғатилган жиноят ишида эса бу борада бирорта ашёвий далил мавжуд эмаслигини билдирди.

Судланувчиларнинг яқинлари фарзандларининг Гуантанамода сақланаётгани ҳақида Халқаро қизил хоч ва қизил ярим ой жамияти орқали хабар топганини маълум қилмоқда.

“2002 йилда Қизил хочдан хат олдим. Хатни ўғлим Муқид ёзган эди. У ўз хатида Афғонистон орқали Гуантанамо қамоқхонасига тушиб қолганини айтган. Муқид ҳар гал хатида Намангоний томонидан алданганини такрорлар эди. Бор гапни мен ўшандан сўнг билдим”, - дейди М.Воҳидовнинг отаси Валихон Воҳидов.

Ота ўғлининг қандай қилиб ЎИҲга аъзо бўлиб қолганидан хабарсиз экани, чунки у ўз яқинлари билан хайрлашаётиб Россияга ишлагани кетаётганини айтганини билдирди.

Судя М.Ўроқовнинг билдиришича, агар бу икки судланувчининг айби исботланса, улар 12 йилдан 25 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG